15 февраль куни тушдан кейин Россиянинг Украина билан чегарадаги Белгород шаҳри ўққа тутилди. Дастлабки маълумотларга кўра, беш киши, жумладан, бир нафар бола ҳалок бўлган, яна 18 киши жароҳатланган, деди Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков.

Унинг сўзларига кўра, шаҳардаги бир нечта хусусий ва кўп қаватли уйларда «турли вайронагарчиликлар» аниқланган. Яна битта дўкон ҳам шикастланган. РИА Новости нашрининг ёзишича, ҳужум оқибатида савдо маркази жиддий зарар кўрган.

«Тезкор хизматлар жойлардаги оқибатлар ҳақида маълумотга аниқлик киритмоқда», — деб ёзди Гладков.

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, тахминан соат 12:30 да «Киев режимининг» RM-70 Vampire кўп учли ракета тизимидан фойдаланган ҳолда «террорчилик ҳужуми уюштиришга уриниши бартараф этилган». Вазирлик маълумотларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Белгород вилояти ҳудудида 14 та ракетани йўқ қилган.

Украина Белгородга берилган зарбага ҳали расман изоҳ бермади.

Белгород ўққа тутилишидан олдин Россия Украинага йирик ракета ҳужуми уюштирганди, деб таъкидлади BBC рус хизмати. 15 февраль куни эрталаб Харьков, Львов ва Запорожье вилоятларида портлашлар юз берган. Украина Ҳарбий ҳаво кучлари маълумотларига кўра, жами 26 та ракета учирилган, улардан 13 таси уриб туширилган.