Демократик партия назоратидаги АҚШ Сенати (парламентнинг юқори палатаси) Украина, Тайван ва Исроилга 95 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади, деб хабар бермоқда Reuters.

Ҳужжатни 70 нафар сенатор қўллаб-қувватлади, 29 нафари эса қарши овоз берди. Қонун лойиҳаси қуйидагилар учун маблағ ажратишни назарда тутади:

  • Украинага 60,1 миллиард долларлик ёрдам;
  • Исроилни қўллаб-қувватлаш учун 14,1 миллиард доллар;
  • Ғазо, Украина ва бошқа можаро зоналаридаги тинч аҳолига инсонпарварлик ёрдами учун 9,1 миллиард доллар;
  • Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги шерикларни, жумладан, Тайванни қўллаб-қувватлаш учун 4,8 миллиард доллар.

Энди қонун лойиҳасини Республикачилар партияси назорат қиладиган Вакиллар палатаси (қуйи палата) кўриб чиқади. Палата спикери Майк Жонсон аллақачон уни овозга қўймаслигини айтди, чунки лойиҳадан АҚШнинг Мексика билан чегарасини мустаҳкамлаш бюджети чиқариб ташланган эди, деб ёзади The Hill.

«Сенат АҚШнинг жанубий чегарасини ҳимоя қилиш бўйича ҳеч қандай ўзгартириш кирита олмаса, Вакиллар палатаси ушбу муҳим масалалар устида мустақил ишлашни давом эттиришга мажбур бўлади», — деди Жонсон. Шу билан бирга, аввалроқ унинг ўзи қонун лойиҳасини алоҳида пакетларга бўлиш таклифини билдирган эди, дея қайд этади Reuters.

Ўтган ҳафта Сенат республикачилари Украина ва Исроилга ёрдам кўрсатишдан ташқари, АҚШнинг Мексика билан чегарасида хавфсизликни кучайтириш маблағларини ҳам ўз ичига олган қонун лойиҳасини кўриб чиқишга қаршилик қилганди. Ушбу мақсадлар учун 20 миллиард доллар ажратиш режалаштирилган эди. Демократларнинг таъкидлашича, республикачилар бу масалани сайловолди кампаниясининг марказий мавзусига айлантираётган Дональд Трампнинг босимига оғишмоқда, деб ёзади CNN.

  • АҚШ Конгресси ўтган йилдан бери Украинага ёрдам беришни маъқуллай олмаяпти. Киевга 250 миллион долларлик ҳарбий ёрдамнинг охирги пакети декабрь ойи сўнггида ажратилган эди. Оқ уй қурол-яроғларнинг янги пакетини жўнатиш учун Конгресс розилигини талаб қилиши ҳақида огоҳлантирган.
  • Аввалроқ New York Times америкалик расмийларнинг ҳисоб-китобларига таяниб, янги пакет етказиб берилмаса, Украина ҳаво мудофаасининг снарядлари фақат 2024 йилнинг мартигача етишини ёзган эди. Бундан ташқари, Америка ёрдамисиз ёз бошига келиб, Украина қуролли кучлари ҳужумларни қайтаришда қийинчиликларга дуч келиши мумкин.