Ўзбекистоннинг Saneg нефть-газ компанияси Италиянинг автомобиль ва саноат мойлари ҳамда мойлаш материаллари ишлаб чиқарувчи CGC Lubricants Italy компаниясини сотиб олганини эълон қилди.

Бундан ташқари, CGC Lubricants Italy компанияси Ўзбекистонда техник мойлар ишлаб чиқарувчи SEG Motol (Saneg компаниясининг шуъба корхонаси) билан стратегик ҳамкорлик шартномаси тузди.

CGC Lubricants Italy Бари шаҳридаги 19 нафар мутахассис ишлайдиган ишлаб чиқариш завод бўлиб, Римда ҳам 11 нафар ходимга эга тижорат идораси мавжуд.

Битим натижасида CGC Lubricants Italy номи Saneg Oil Italy деб ўзгартирилди.

«Икки компания биргаликда Saneg`нинг Европа бозоридаги иштирокини кенгайтирибгина қолмай, унинг Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги мойлаш материаллари саноатида технологик етакчи сифатидаги мавқеини ҳам мустаҳкамлайди», — деди Saneg бошқаруви раиси Бахтиёр Фазилов.

«Компаниянинг Бари заводида аккредитациядан ўтган илмий-тадқиқот лабораторияси мавжуд бўлиб, у ерда доимий равишда инновациялар киритилиб, кенг турдаги янги мойлаш материаллари ишлаб чиқилмоқда. Бу тажриба Saneg`нинг Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида қўлланади. Saneg Oil Italy компаниясининг илғор технология ва ноу-хаулари Ўзбекистонда мойлаш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконини беради», — деди Saneg бош директори Тўлқин Юсупов.

Saneg Италия, Франция, Испания ва Португалиядаги 26 минг тоннагача маҳсулот етказиб бериладиган кенг қамровли дистрибьюторлик тармоғига кириш ҳуқуқи туфайли Италия ва Европа мойлаш материаллари бозорида муҳим улушга эга бўлади, деб таъкидланади хабарда. Ўз навбатида, CGC Lubricants Italy «Ўзбекистон ва ташқи бозорни узлуксиз таъминлаш орқали» ФНҚИЗ учун юқори технологик маҳсулотларнинг стратегик етказиб берувчиси бўлиб хизмат қилади.

Шартноманинг асосий параметрлари таркибига формулалар ва технологиялар соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, ФНҚИЗ томонидан ишлаб чиқарилган базавий мойлар учун Европа хавфсизлик сертификатларини олиш киради.

Эслатиб ўтамиз, Saneg 2022 йилда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини давлатдан 100 миллион долларга сотиб олган эди. Компания, шунингдек, ФНҚИЗни 380 миллион долларга модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватини ошириш ва бошқа мажбуриятларни ҳам олган.