Бухоро вилоятида барпо этилаётган 2 та шамол электр станцияси учун 73 та турбина ўрнатиб бўлинди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган 2 та (жами 1000 МВт) шамол электр станциясини қурмоқда. Биринчи 6,5 МВт қувватли шамол турбинаси ўрнатилгани ҳақидаги хабар 25 июлда эълон қилинганди. Ҳозирги кунга қадар жами қуввати 474,5 МВтга тенг 73 та шамол турбинаси ўрнатиб бўлинди.

Ҳар бир турбина минорасининг баландлиги 100 метр, шамол парракларининг ҳар бири эса 84 метрни ташкил қилади. Вазирлик хабарига кўра, ушбу йирик лойиҳалар доирасида жами 158 та мана шундай шамол турбиналари ўрнатилади. Мазкур электр станцияларининг дастлабки 400 МВт қуввати 2024 йил якунига қадар ишга туширилади.

acwa power, бухоро, турбина, шамол  электр станцияси

acwa power, бухоро, турбина, шамол  электр станцияси

acwa power, бухоро, турбина, шамол  электр станцияси

acwa power, бухоро, турбина, шамол  электр станцияси

«Станциялар тўлиқ ишга туширилгач, йилига 3,6 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида йилига 1,1 млрд куб метр табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 1,5 млн тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ушбу лойиҳалар доирасида узунлиги 260 километр бўлган 500 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 2 та 500 кВ кучланишли очиқ тақсимлаш ускуналари қурилади. Мазкур электр узатиш тармоқлари энергетика тизимининг шимоли-ғарбий (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) ҳамда жануби-ғарбий (Бухоро ва Навоий вилоятлари) қисмларининг боғланишини мустаҳкамлайди.