25 июль куни Бухоро вилоятида Envision компаниясининг (Хитой) биринчи 6,5 МВт қувватли шамол турбинаси ўрнатилди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати. Бу Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган 2 та шамол электр станцияси қурилиши лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

3 ой аввал Осиё тараққиёт банки ва Саудиянинг ACWA Power компанияси Бухоро вилоятидаги Бош ва Жонкелди шамол электр станцияларини ривожлантириш учун 174 млн долларлик кредитларни имзолаганди.

Қурилган турбина минорасининг баландлиги 100 метр, шамол парракларининг ҳар бири эса 84 метр. Лойиҳа доирасида жами 158 та шундай шамол турбиналари ўрнатилади. Мазкур электр станцияларининг илк қувватлари 2024 йилда ишга туширилади.

бухоро, шамол  электр станцияси

бухоро, шамол  электр станцияси

«Станциялар тўлиқ ишга туширилгач, йилига 3,6 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида йилига 1,1 млрд куб метр табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 1,5 млн тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади», дейилади хабарда.

Лойиҳа доирасида узунлиги 260 км бўлган 500 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 2 та 500 кВ кучланишли очиқ тақсимлаш қурилмалари қурилиши айтилмоқда. Мазкур электр узатиш тармоқлари энергетика тизимининг шимоли-ғарбий (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) ҳамда жануби-ғарбий (Бухоро ва Навоий вилоятлари) қисмларининг боғланишини мустаҳкамлайди.

Маълумот учун, Навоий вилоятининг Томди туманида қурилаётган 500 МВт қувватли шамол электр станцияси қурилишида шу вақтгача 3 та турбина ўрнатиб бўлинди. Унинг баландлиги 97 метр, шамол парракларининг ўлчами эса 77 метрдан.