Ўзбекистонда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг (IUCN) офиси очилди. У Тошкент вилоятидаги янги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)да жойлашган.

10 февраль куни бўлиб ўтган тадбирда IUCN бош директори Гретел Агилар, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари атроф-муҳит вазирлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

«Ҳозирда сайёрамиз 3 та асосий муаммо — иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик ва атмосфера ҳавоси ифлосланиши билан юзлашмоқда. Бу муаммоларни ҳал қилиш учун барча давлатлар бирга ҳаракат қилиши лозим. Биз Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари билан бирга минтақамиз экотизимини ҳимоя қилишга қаратилган янги лойиҳаларни амалга оширяпмиз. IUCN офисининг очилиши эса бу борадаги муҳим қадамлардан биридир», — деди Гретел Агилар.

Азиз Абдуҳакимов IUCN офисининг очилиши Ўзбекистон ва иттифоқ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

«Биргаликда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ерларни тиклаш, иқлим ўзгариши шароитида барқарорликни таъминлаш ва бошқа мақсадларга хизмат қиладиган лойиҳаларни йўлга қўйганмиз. Бу, албатта, бугунги минтақадаги экологик вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қилади. IUCN`нинг Тошкентдаги офиси Марказий Осиё давлатлари, ҳамкорлар ва экспертлар ҳамжамиятлари билан яқинроқ алоқа ўрнатиш имконини беради», — деди вазир.

«Биз ташкилотнинг минтақамиз флора ва фаунасини сақлаб қолишдек хайрли фаолиятига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрмиз», — деди бир кун аввал президент Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2021 йилда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқига аъзо бўлган. У энг қадимги ва нуфузли табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти бўлиб, ҳукумат ва фуқаролик жамияти ташкилотларидан иборат.

IUCN БМТ Бош Ассамблеясида кузатувчи мақомига эга ва бутун дунё бўйлаб 1400 дан ортиқ аъзо ташкилотлар ва 15 000 дан ортиқ экспертларнинг тажрибаси, ресурслари ва имкониятларидан фойдаланади.

green university, iucn, халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи

Green University президентнинг 2023 йил 31 майдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Университетда экология ҳуқуқи, барқарор молия, экожурналистика ва бошқа йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланади. Аввалроқ «Газета.uz» у ҳақида батафсил ёзганди.

green university, iucn, халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи

Янги эко-университет ва IUCN офиси очилиши Самарқандда ўтказилаётган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси Томонлар конференциясининг 14-йиғилиши тўғри келди.