Устюрт платоси кенгликларида яшаган ва инсон омили таъсирида йўқолиб кетган Осиё қоплони популяциясини қайта иқлимлаштириш бошланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси Томонлар конференциясининг 14-йиғилиши иштирокчиларига йўллаган табригида айтилади.

«Барчангизга яхши маълумки, ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турлари сайёрамиз экотизимларининг ажралмас қисми ҳисобланади. Афсуски, ҳозирги кунда улар иқлим ўзгариши, яшаш жойларининг яроқсиз ҳолга келиши, ноқонуний ов ва савдо каби жиддий таҳдидлар билан тўқнаш келмоқда. Натижада ҳайвонларнинг генетик ресурслари қисқармоқда, уларнинг нодир ва ноёб турлари, табиий уйғунлик ва экотизимлар йўқолиб бормоқда», — дейилади табрикда.

Тадқиқотларга кўра, Ер юзидан сўнгги 50 йилда уларнинг 100 дан ортиқ турлари, Марказий Осиёда эса 26 турдаги қушлар, 12 турдаги сут эмизувчилар, жумладан, Турон йўлбарси, Осиё қоплони ва бошқа эндемик турлар бутунлай йўқ бўлиб кетди.

Президент таъкидлашича, қисқа муддатда кўчиб юрувчи турларни ишончли ҳимоя қилишни таъминловчи қўриқланадиган табиий ҳудудлар уч каррага оширилиб, мамлакат умумий майдонининг 14 фоизига етказилган. Ўзбекистоннинг нодир табиат ландшафтлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон табиий мерос рўйхати, Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғига ва Рамсар конвенцияси объектлари рўйхатига киритилган.

Қайд этилишича, ёввойи ҳайвонларни парвариш қилиш учун янги питомниклар ташкил этилди. Ноёб қуш турлари ва сут эмизувчиларни ўз яшаш маконларида кўпайишини қайта тиклаш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда ўрмонлар яратилгани ўсимликлар хилма-хиллигини ва ҳайвонот дунёсини қайта тиклаш имконини бермоқда.

«Ўзбекистон 2024−2027 йилларда Конвенцияга раислиги даврида кўчиб юрувчи ҳайвон турларини ҳимоя қилишга ўзининг бутун куч ва салоҳиятини тўлиқ сафарбар қилишга тайёрдир. Биз Самарқандда бу борада келгусидаги ишларимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган 2024−2032 йилларга мўлжалланган Янги стратегик режа тасдиқланаётганини олқишлаймиз. Шунингдек, Ҳайвонларнинг кўчишига тўсиқлардан холи экологик йўлакларни яратиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни қўллаб-қувватлаймиз», — дейилади табрикда.

Президенинг қайд этишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистон трансчегаравий табиий парклар яратиш бўйича минтақа мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик қилмоқда ва улар сонини кескин кўпайтириш ниятида.

«Бир вақтлар Устюрт платоси кенгликларида яшаган ва инсон омили таъсирида йўқолиб кетган Осиё қоплони популяциясини қайта иқлимлаштиришни бошлаш ниятидамиз. Олимлар ва экспертларни бу йўналишда ҳамкорликка чорлаб қоламиз», — дейилади табрикда.

«Фурсатдан фойдаланиб, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Тошкентда ўз ваколатхонасини очиш бўйича қарори учун алоҳида ташаккур айтмоқчиман. Биз ташкилотнинг минтақамиз флора ва фаунасини сақлаб қолишдек хайрли фаолиятига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрмиз», — дея қайд этилган президент табригида.