Alerte Héritage маданий мерос обсерваторияси ўнлаб биноларни бузиш эвазига қурилиши айтилган Бухоро шаҳридаги сайёҳлик маркази лойиҳалари тўғрисида яна бир баёнот берди. Ташкилот ушбу режалар ҳақида 2023 йил январь ойида хавотир билдирганди.

Баёнотда Бухоро вилояти ҳокимлиги биносининг режалаштирилган туризм ҳудудида тутган ўрни алоҳида қайд этилган. У дастлаб ЎзССР Коммунистик партиясининг Бухородаги қўмитаси учун қурилган. Унинг меъморлари — Ричард Блез (у Тошкент марказидаги «Шарқ» нашриётининг 16 қаватли биносини ҳам лойиҳалаштирган), А.Куранов, Н.Куранова, Т.Абрамова, Л.Христич. Муҳандислар: О.Браверман (ГИП), Р. Ким, Н.Ничушкиналар эди.

«Маъмурий бино ўзбекистонлик машҳур меъмор Ричард Блез (1986) лойиҳаси бўйича қурилган охирги йирик объектдир. Меъмор ўз ишида асосий эътиборни структуранинг ифодавийлиги, ёруғлик ва соя эффектлари ҳамда композицион структуранинг яхлитлигини ишлаб чиқишга қаратган», — дейилади Alerte Héritage баёнотида.

«Тошкентдаги нашриёт биноси лойиҳасидан бошлаб, зинапоя-лифт блоклари унинг кўп қаватли лойиҳалари пластик бўлишида алоҳида ўрин тутган. Уларнинг атрофида инсон оқимлари ва комплексларнинг иш жойлари тақсимланган. Блез классик архитектура элементлари: стилобат, устун ва антаблатуранинг модернистик тарзда қайта талқин қилинишига алоҳида эътибор қаратди, бу эса ўзининг баланд биноларида ёрқин индивидуал талқинни акс эттирди», — дейилади баёнотда.

«Бухоро ҳокимлиги биносида стилобат асосий кириш эшигига олиб борувчи ҳажмлар тизими сифатида, антаблатура эса лифт блоки устида чиқиб турувчи параллелепипед шаклидаги „сталактитлар“ ва охирги иққи қаватни балконли галерея билан боғловчи сифатида ишлаб чиқилган. Худди шундай композицияга эга бино — Тошкентдаги ахборот-ҳисоблаш маркази қурилиши тугалланмади ва энди уни йўқолган деб ҳисобласа ҳам бўлади», — дейилади ташкилот хабарида.

«2000−2010 йилларда нашриёт биносининг кўплаб элементлари алмаштирилганини ҳисобга олган ҳолда, бугунги кунда Бухоро ҳокимлиги биноси Блезнинг асари бўлиб, у ўзининг меъморий ёдгорлик фазилатларини тўлиқ сақлаб қолган, шунингдек, унинг олдидаги ободонлаштирилган бульвар — Ўзбекистоннинг ноёб модернистик бульварларидан бири бўлиб, улар ҳам ўз тузилишини бугунги кунгача сақлаб келмоқда», — дея таъкидлайди Alerte Héritage.

Ташкилот хабарига кўра, ЮНЕСКО буфер зонасига киритилган квартал ва Блез биносини ўз ичига олган ҳар қандай реконструкция «атрофдаги биноларни ўрганишда уни сақлаш ва ҳурмат билан кўриб чиқишни ўз ичига олиши керак».

«Акс ҳолда, гарчи яратилаётган янги тузилмага тарихий ва янги объектлар учун фойда келтириши мумкин бўлса ҳам, Бухоро шаҳарсозлари „Тошкент-сити“ қурилиши пайтида Киночилар уйи вайрон қилингани каби драматик хатони такрорлаши хавфи бор», — дея таъкидлади ташкилот.

Этнографик сайёҳлик маркази 32,6 гектар майдонда қурилиши режалаштирилган бўлиб, унда ўнлаб давлат объектлари, жумладан, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари бинолари, стадион жойлашган. Ўтган йили лойиҳа фуқароларнинг норозилигидан кейин тўхтатилганди, аммо январь ойи охирида расмийлар яна марказни қуриш лойиҳасини эълон қилди.

Alerte Héritage аввалги баёнотида «Бухоро маркази учун ишлаб чиқилган янги лойиҳа ташвиш ва кўплаб саволларни туғдиради. Нима учун шаҳар ҳокимияти фуқаролар билан шаффоф ва самарали маслаҳатлашув ўтказмади? Нима учун шаҳар учун масъул ташкилотни танлашда очиқ тендер эълон қилинмади? Нега меъморий дизайн танлови ўтказилмади?» — дея саволлар қолдирганди.