Футбол бўйича Қатар миллий терма жамоаси 7 февраль куни Осиё кубоги ярим финали доирасида Эронни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратиб, финал йўлланмасини қўлга киритди. Мусобақа мезбонлари кубок учун Иордания билан беллашади.

Қатар Тожикистон, Хитой ва Ливан билан бирга мусобақанинг A гуруҳидан жой олиб, максимал 9 очко (3 ғалаба) жамғарди. Сўнг ярим финалгача бўлган йўлда Фаластин (2:1) ва Ўзбекистон (1:1, пенальтилар сериясида 3:2) устидан ғалабага эришди.

Иордания эса E гуруҳида Баҳрайн, Жанубий Корея ва Малайзия билан беллашиб, 4 очко (1 ғалаба, 2 дуранг) йиғди. Энг яхши 4 та учинчи ўринлар қаторида плей-офф йўлланмасини қўлга киритган Иордания кутилмаганда Ироқ (3:2) ва Тожикистонни (1:0) мағлуб этди. Ярим финалда Жанубий Корея устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган жамоа ўз тарихида илк бор ушбу мусобақа финалига чиқди.

Финал ўйини 10 февраль, шанба куни соат 20:00 да (Ўзбекистон вақти билан) бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ушбу турнирда B гуруҳидан жой олганди. Австралия (1:1) ва Сурия (0:0) билан дуранг ҳамда Ҳиндистон устидан ғалаба (3:0) қайд этган жамоа нимчорак финалда 2:1 ҳисобида Таиланддан устун келди. Чорак финалда эса мусобақанинг амалдаги ғолиби Қатар билан ўйинда пенальтилар сериясида мағлубиятга учраб, мусобақани тарк этди.

Ўйиндан сўнг ярим ҳимоячи Одилжон Ҳамробеков Қатарга қарши ўйиндан олдин футболчилар пенальтилар серияси учун машқ қилмаганини айтди. Сўнгги зарбани голга айлантира олмаган Жалолиддин Машарипов мухлислардан кечирим сўраб, жамоа жаҳон чемпионатига чиқа олишига ишонтирди.

Терма жамоа бош мураббийи Сречко Катанецнинг фикрича эса, Қатар билан ўйиндаги мағлубиятдан хафа бўлмаслик керак, чунки жамоа турнирда яхши қатнашди. Мураббий унинг истеъфоси ҳақидаги саволга «Ҳазиллашяпсизми?», деб жавоб берди.