Осиё кубоги чорак финалида Қатардан пенальтилар сериясида мағлуб бўлган (1:1, 2:3) Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари ўйин натижалари ҳақида фикр билдирди.

умар эшмуродов, футбол, қатар, осиё кубоги-2023

Ярим ҳимоячи Одилжон Ҳамробеков Championat.Asia нашрига берган интервюсида «футболчилар ғалаба учун борларини беришди», — дея таъкидлади.

«Учрашув ҳақида нима деймиз? Болалар борини беришди. Пенальтилар серияси, ўзингиз биласиз, лотерея. Шу. Айтадиган гап ҳам йўқ. Болалар ғалаба учун борларини берди. Бир нима деёлмайман… Пенальтилар сериясини машғулот қилмагандик. Ҳакамликка келсак, ҳакам ўзи қарор қабул қилади, унинг ишига аралашиш футболчиларнинг иши эмас», — дейди у.

умар эшмуродов, футбол, қатар, осиё кубоги-2023

Ҳимоячи Умар Эшмуродовнинг фикрича, жамоа ўйинга яхши тайёргарлик кўрган, аммо ютқазди.

«Лекин турнир биз учун яхши ўтди. Бу жамоа ҳали шаклланиб, Жаҳон чемпионати саралашида анча яхши қатнашади… Иккинчи таймни яхши ўтказдик, лекин қўшимча бўлимда яна қўшишимиз керак бўлган жойида биз қўшмадик. Балки чарчаб қолгандир болалар, лекин, ўйлашимча, биз яна қўша олардик. Шунинг учун қўшимча бўлимларда уларга яна қўшимча босим қилишимиз керак эди, шунда уларга қийин бўларди. Ҳакам борасида эътирозим йўқ», — дейди у.

умар эшмуродов, футбол, қатар, осиё кубоги-2023

Майдонга сардор сифатида тушган ва пенальтилар сериясида сўнгги зарбани голга айлантира олмаган Жалолиддин Машарипов мухлислардан кечирим сўради.

«Биринчи навбатда, мухлислардан узр сўрайман. Пенальтини яхши тепмадим. Ўйинга келсак, биринчи голдан кейин тезда қайтиб олдик, гол урдик. Бундан ташқари, имкониятларимиз бор эди, фойдалана олмадик. Бунинг устида ишлаймиз», — деди у.

Унинг фикрича, футболчилар ўйинга қайтиб олиш учун кўп куч сарфлади, шу сабабли қўшимча бўлимларда ёмон ўйин кўрсатди.

«Қўшимча бўлимларда сал чарчадик, чунки гол қўйиб юборганимиздан кейин гол уриш учун кўп куч йўқотдик… Албатта [Сречко Катанец терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиқа олади]. Жароҳат туфайли сафдан чиққан 5−6 нафар асосий ўйинчимиз йўқ эди, бу бизга халақит берди. Агар улар ўйнаганида, биз 120 дақиқа ўйнамаган, 90 дақиқада ўйинни ҳал қилган бўлардик», — деди у.

Машарипов Осиё кубогидаги натижа жамоани қониқтирмаганини айтди.

«Менинг ўзим машғулотлардан кейин доим пенальтиларни тепаман. Уларнинг дарвозабони бизларни кузатган экан. Ким қандай тепишини. Мен тепган пайтимда у ўртада охиригача турди (Машарипов марказга зарба берди — таҳр.). Узр, шунақа бўлди, лекин кўпроқ ишлаймиз… Худо хоҳласа, ҳамма болалар жароҳатдан қайтса, биздан албатта, [ЖЧ-2026] йўлланмасини кутса бўлади», — дея қайд этди футболчи.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Осиё кубоги тарихида уч марта пенальтилар сериясида иштирок этган ва барчасида мағлубиятга учраган. 2004 йилда Хитойда (Баҳрайнга қарши — 2:2, пенальтилар бўйича 3:4), 2019 йилда БААда (Австралияга — 0:0, пенальтилар бўйича 2:4), 2023 йилда Қатарда (Қатарга қарши — 1:1, пенальтилар бўйича 2:3).