2023 йилда Ўзбекистон банкларидаги умумий пул тушумларининг ҳажми (нақд пул ва терминаллар орқали) 669 триллион сўмни ташкил этди, бу 2022 йилга нисбатан 28 фоизга кўп, дейилади Марказий банк шарҳида.

марказий банк, нақд пул, пул муомаласи

Регулятор маълумотларига кўра, банкларга нақд пул тушумлари йил давомида 20 фоизга ошиб, 414 триллион сўмни ташкил этган. Шунга қарамай, нақд пул улуши 66 фоиздан 62 фоизга тушган (2021 йилда 69 фоизни ташкил этганди).

Терминаллар орқали тушумлар 44 фоиз — 255 триллион сўмга, уларнинг улуши — 34 фоиздан 38 фоизга (2021 йилда — 31 фоиз) ўсди.

марказий банк, нақд пул, пул муомаласи

2023 йилда банк карталарига 789 триллион сўм кирим қилинган, бу аввалги йилга нисбатан 1,4 баробар кўп. Карталарга тушган маблағлар тобора камроқ нақд пул шаклида ечиб олинмоқда: 2019 йилда 31,9 фоиз, 2020 йилда — 34,4 фоиз, 2021 йилда — 31,7 фоиз, 2022 йилда — 26,9 фоиз, 2023 йилда — 24 фоиз.

марказий банк, нақд пул, пул муомаласи

Нақд пулнинг умумий пул массасидаги (М2) улуши жорий йилнинг 1 январь ҳолатига 21,5 фоизни ташкил этди, бу 2022 йилги ўсишдан кейин ўтган йилга нисбатан 0,8 фоизга кам. Таққослаш учун: муомаладаги нақд пулнинг улуши 2019 йилда 27 фоизга, 2020 йилда 23 фоизга, 2021 йилда 19,7 фоизга, 2022 йилда 22,3 фоизга етган.

М2 муомаладаги (банк тизимидан ташқари) нақд пул маблағлари, бошқа молия институтлари, давлат номолия ташкилотлари, хусусий сектор ва жисмоний шахсларнинг миллий ва хорижий валютадаги ўтказувчан, жамғарма ва муддатли депозитларини ўз ичига олади.

2019 йил май ойида Марказий банк бошқарув раиси Мамаризо Нурмуратов нақд пулнинг иқтисодиётдаги улуши юқори эканини Ўзбекистон резидентлари олди-сотди операцияларини асосан бозорларда амалга ошираётгани билан изоҳлаган эди.

«Ҳар бир мамлакатда умумий пул массасидаги нақд пул улуши савдо-иқтисодий муносабатларнинг ривожланганлик даражасига боғлиқ. Бизнинг халқимиз 80 фоиз олди-сотдини бозорларда амалга оширади. Шу сабабдан нақд пул улуши бизда Европа ва бошқа давлатлар билан таққосланганда юқори. Сўнгги икки йилда биз [муомаладаги нақд пулнинг] 26 фоизлик улуши билан иш олиб бормоқдамиз. Аввал 40 фоиз эди. Нақд пул улуши қанча юқори бўлса, хуфёна иқтисодиётнинг ривожланиши учун хатарлар шунча баланд бўлади», — деганди у.

Шавкат Мирзиёев январь ойида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон давлат бюджетига яширин иқтисодиётдан кўрилган зарар 30 триллион сўм, ялпи ички маҳсулотга етказилган зарар эса 135 триллион сўмни ташкил этишини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, яширин иқтисодиёт тўғри ишлаётган тадбиркорларга катта тўсиқ бўлмоқда.

Мисол учун, 27 мингта қурилиш корхонасининг 41 фоизи ёки 10 947 мингтаси ҳисоботида фақат бир нафар ишчисини расмий ходим сифатида кўрсатган бўлса, шундан 2249 таси Тошкент шаҳрига тўғри келади. Ушбу корхоналар томонидан ўтган йил давомида 4 триллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилган.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг маълум қилишича, қурилиш соҳасида иш ўринларини қонунийлаштириш мақсадида 2024 йил 1 апрелдан бошлаб айрим объектларни қуриш учун зарур бўлган ишчилар сони меъёрини жорий этиш режалаштирилмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу биринчи босқичда давлат бюджетидан молиялаштириладиган қурилишларга қўлланади.

Расмийлар нақд пул муомаласини қисқартириш ва айрим тўловларни фақат банк карталари орқали тўлаш вариантини ҳам кўриб чиқмоқда.

1 февралдан тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий қилинди. Рейтинги юқори бўлган тадбиркорлар учун барча солиқ текширувлари бекор қилинади, ҚҚС суммаси бир кун ичида, бошқа солиқ турлари бўйича ортиқча тўловлар уч кун ичида қайтарилади. Товар ва хизматларни импорт қилиш ва сотишда тўланган ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартиби қўлланади.