Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25 фоиздан 45 фоизгача баҳоланмоқда. Бу кўрсаткични Олий Мажлис Сенатининг 20 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

«Булар жуда ҳам юқори кўрсаткичлар. [Яширин иқтисодиёт] энг юқори даражага эга бўлган ҳудудлар ҳақида гапирадиган бўлсак, бу қурилиш, савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳалари», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, норасмий иқтисодиётни оқлаш учун Президент администрацияси билан биргаликда президент қарори лойиҳаси тайёрланди ва у якуний тасдиқлаш босқичида.

«Унда бир қанча йўналишлар, жумладан, нақд пул айланмасини камайтириш кўзда тутилган. Бу эски маънода эмас. Айрим тўловларни фақат банк карталари орқали тўлаш ва бошқа масалалар бор», — деди Жамшид Қўчқоров.

Ҳужжат ҳали қабул қилинмагани учун барча чора-тадбирларни санаб ўтмаслигини айтиб, қарорни яширин иқтисодиёт масаласини сўраган Сенат раиси Танзила Нарбоевага тасдиқлангач, Сенат қўмитасига юборишни таклиф қилди.

Сенат раисининг сўзларига кўра, ҳужжатда бошқа ташкилотлар, жумладан, Савдо-саноат палатаси учун ҳам яширин иқтисодиёт улушини камайтириш бўйича тавсиялар белгиланиши керак. «Бу ерда нафақат давлат органларининг иши, ҳам жамоатчилик, ҳам тадбиркорларнинг ўзлари иштирок этиши муҳим ўрин тутади», — деди у.

ЎзЛиДеП партиясининг октабр ойида бўлиб ўтган йиғилишида экспертлар Ўзбекистон яширин иқтисодиётининг йиллик ҳажмини 32 миллиард доллар (мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб 40 фоизи) деб баҳолаётгани маълум қилинган эди. Ушбу миқдорнинг асосий таркибий қисмлари уй-жой ва транспорт воситаларининг иккиламчи бозори, норасмий савдо ва хизматлар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги каби соҳалар бўлди. Шунингдек, контрабанда ва товарларнинг рухсатсиз айланишининг роли қайд этилди.