Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, эскирган протоколлар ва даволаш стандартлари билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирди, дея хабар қилди давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Президент сўнгги етти йилда тизимда 7 та вазир алмашгани, лекин соҳани рақамлаштириш, тиббий суғуртани жорий қилиш суст кечаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, касалга аниқ ташхис қўйиш ва даволашда врачларнинг аксариятида технологик карта мавжуд эмас, айрим протоколлар эса эскиргани. Поликлиника ва шифохоналарда халқ табобати хоналари ва фитобарлар ташкил қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг Лойиҳа офисига хорижий экспертларни жалб қилиб, 300 та клиник протокол ва стандартларни халқаро мезонларга мослаштириш топширилди.

Давлат раҳбари оилавий шифокорларга касаллиги енгил бўлган беморларни дори билан эмас, иммунитетни кўтарадиган табиий воситалар, жисмоний машқ ва фитотерапия билан даволашни ўргатиш муҳимлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев ихтисослашган тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш талабига жавоб берадиган тизим ҳали ҳам яратилмаганини қайд этди.

Сўнгги йилларда бепул даволаниш учун ордердан воз кечилди. Маблағни муассасадаги ўринлар сонига эмас, беморлар сонига қараб ажратиш тизими яратилди. Лекин, ҳалигача беморларда танлаш ҳуқуқи йўқ. Бундан ташқари, вилоят шифохоналарига йўлланма олиш ҳалигача рақамлашмаган, дейилади хабарда.

Вилоят шифохоналарини ҳам электрон йўлланма тизимига улаш, бу тизимда хусусий клиникалар иштироки мезонларини ишлаб чиқиш топширилди.

Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров.Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров.

Президент ихтисослашган тиббиёт марказларида замонавий бошқарувни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидлади, пуллик хизматлар нархи шаффоф эмаслигини танқид қилди.

Шу муносабат билан 23 та марказ, 12 та тиббиёт олийгоҳи, 2 та шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш марказларининг ҳар бирига замонавий менежерларни ишга олиб, халқаро аккредитациядан ўтказиш топширилди.

Қолаверса, бу ишлар орқали шифокор ва ҳамшираларни янгича ўқитиш, даволаш сифатини ошириш, дори ёзишни камайтириш, энг муҳими — ривожланган клиникалар муҳитини олиб кириш муҳимлиги қайд этилди.

Сўнгги икки йилда тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга бюджетдан 90 миллиард сўм йўналтирилган, лекин натижа кутилганидек бўлмаган.

Туман, вилоят ва республика ташкилотлари 10 га яқин ахборот тизимларини ишлатяпти, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам бир-бирига боғланмаган. Бирламчи бўғин рақамлашмагани боис шифокор вақтининг учдан икки қисми ҳисобот тўлдиришга кетяпти.

Президентимиз «Электрон поликлиника», «Электрон шифохона» ва «Электрон тиббий карта» тизимларини ишга тушириш, кафолатланган пакетга кирган дориларни электрон рецепт асосида беришни йўлга қўйишни топширди.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев бош вазирга ижтимоий соҳа вазирлари, шунингдек, уларнинг ўринбосарлари ва ҳоким ўринбосарлари билан бир йиллик шартномалар тузиш, улар учун KPI белгилаш бўйича топшириқ бергани хабар қилинганди.

Давлат раҳбари, шунингдек, онкологик беморларга дорилар вақтида етиб бормаслигига сабаб бўлаётган «ўйинлар»ни ҳам танқид қилганди. «Эндокринология, кардиология, шошилинч хизматда ҳам бундай фактлар етарли», — деди у. Давлат раҳбари, шунингдек, дориларнинг яширин айланмасига етарли чора кўрилмаётгани ҳақида ҳам гапирган.