Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бош вазир Абдулла Ариповга ижтимоий соҳа вазирлари, шунингдек, уларнинг ўринбосарлари ва ҳоким ўринбосарлари билан бир йиллик шартномалар тузиш, уларга самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) белгилаш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда давлат раҳбари душанба куни таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида 2024 йилга мўлжалланган вазифаларга бағишланган йиғилишда маълум қилди, деди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Шавкат Мирзиёев мамлакатда ижтимоий соҳага 13 та вазирлик ва идора, 223 нафар ҳоким ўринбосари масъул эканини таъкидлади. Шу билан бирга, ҳудудларда юқорида қайд этилган йўналишларни ривожлантириш бўйича топшириқларни амалга оширишда кўплаб камчиликлар мавжуд.

Мактабгача ва мактаб таълимида эришилган катта ўзгаришлар билан бир қаторда боғча билан мактаб, мактаб билан коллеж ва олийгоҳ ўртасида узвийлик етарли даражада эмас, — деди президент.

Маҳалла раиси мактабда тарбия ва давомат масалалари, ота-оналар билан ҳамкорлик қилиш билан қизиқмаётгани, туман ҳокимлари, ёшлар ва ижтимоий масалага масъул ўринбосарлари мактабда маънавият ва спорт тадбирларини ташкил этишга эътибор бермаётгани таъкидланди.

Шу сабабли ўтган ҳафтада мактабгача ва мактаб таълими вазирининг янги ўринбосарлари тайинланди, деди давлат раҳбари. Уларга мактабларда янгича таълим, тарбия ва маънавият муҳитини яратиш вазифаси юклатилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги фаолиятида ҳам камчиликлар мавжуд, деди давлат раҳбари.

Касб-ҳунар таълимига масъул бўлимлар сони кўпайганлиги сабабли бу соҳа ривожланмаяпти. Иш берувчилар ва техникумлар ҳамкорлиги етарли эмас, деди президент.

Олий таълимда қамров кескин ошди, соҳага хусусий сектор кириб келди. Лекин сифатга етарли эътибор қаратилмаяпти, деди Шавкат Мирзиёев.

Талабаларнинг мустақил ишлаши учун муҳит барча олийгоҳларда ҳам бирдек намунали ташкил этилмаган. Аксарият коллеж ва техникумлар ҳам, олийгоҳлар ҳам иш берувчилар талаби билан ҳисоблашмайди. Айримларида дарслик ва адабиётлар етишмайди, бори ҳам бугунги талабларга жавоб бермайди, — деди президент.

Илм-фан ва инновацияларга етти йилда 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Лекин илм-фанда «харажат — тадқиқот — маҳсулот» деган формула ишламаётгани қайд этилди, деди Шавкат Мирзиёев.

Айрим ректорларда ташаббус, интилиш, фидойилик етишмаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис, олий таълим, фан ва инновациялар бўйича янги вазир тайинланиб, унинг олдига профессионал ва олий таълимда кескин ўзгариш қилиш вазифаси қўйилди.

Президент тиббиёт соҳасидаги камчиликларни ҳам қайд этди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги етти йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигида 7 та вазир алмашган, бироқ соҳани рақамлаштириш ва тиббий суғуртани жорий этиш ишлари якунига етмаган.

Республика марказлари билан бирламчи бўғин ўртасида интеграция йўқлиги қайд этилди, деди Шавкат Мирзиёев.