Президент Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда онкологик беморларга дорилар етиб бормаслигига сабаб бўлаётган «ўйинлар»ни танқид қилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Уч йил аввал онкологик беморларни кимё ва таргет терапияси учун 29 турдаги препарат билан таъминлаш йўлга қўйилган эди. Лекин, бу дорилар айрим ҳолларда жойларга ўз вақтида, тўлиқ етказиб берилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Ваҳоланки, бюджетдан етарли маблағ ажратилмоқда. Оқибатда баъзи беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олишга мажбур, дея қайд этди президент.

«Мана — фармацевтикадаги ўйинлар! Бу фақат онкологияда. Эндокринология, кардиология, шошилинч хизматда ҳам бундай фактлар етарли», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари бош прокуратурага онкологик препарат ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар, дорихоналар, қўлда сотувчиларни, умуман барча иштирокчиларни тартибга келтириш, жойларга етиб бормаган 17 турдаги препарат бўйича ўрганиш ўтказиб, жазо муқаррарлигини таъминлашни топширди.

Соғлиқни сақлаш вазири в.б. Асилбек Худаяров. Фото: Президент матбуот хизмати.Соғлиқни сақлаш вазири в.б. Асилбек Худаяров. Фото: Президент матбуот хизмати.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдига ойлаб омборларда турган, рухсати ҳалигача чиқмаган дориларни хатлов қилиб, бу масалада тартиб ўрнатиш, давлат харидлари орқали олинган дориларни «буюртмачи — харидор — етказиб берувчи — бемор» занжири асосида шаффоф маршрут тизимини яратиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистонда фармацевтика бозори ҳажми 2 миллиард долларига етгани таъкидланди. Лекин, бу бозорда маҳаллий маҳсулотлар улуши физик ҳажмда 40−45 фоиз бўлса-да, пул қийматида 20 фоиздан ошмайди.

«Оддий қилиб айтганда, ўзимизда ишлаб чиқариш бинт, спирт, шприц, анальгин ва цитрамондан нарига ўтмаяпти», — дея президентнинг сўзларини келтирди Шерзод Асадов.

Дориларни яширин айланмаси бўйича етарли чоралар кўрилмаяпти. Дори воситаларидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ишлари сустлиги кўрсатиб ўтилди.

«Айниқса, антибиотик қабул қилиш устидан назорат умуман йўқ. Протоколларга амал қилмасдан, „пул ишлаш“ учун фарм-компаниялар фойдасига рецепт ёзиляпти», — деди давлат раҳбари.

«Бундан халқимизни соғлиғи ҳам, чўнтаги ҳам зарар кўряпти», — дея қайд этди у.