Тошкент шаҳри ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик), 168-моддаси (Фирибгарлик) билан тергов қилинаётган жиноят иши доирасида 1993 йилда туғилган Абдумаликов Тохиржон Абдугаппор ўғли жиноят содир этганликда гумонланиб ушланди. Бу ҳақда ИИББ ахборот хизмати хабар қилди.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, ушбу шахс фуқароларга фоиз эвазига пул бериб, қарз олган шахснинг номида бўлган турар жой ва транспорт воситаларини гаров эвазига ўзининг номига расмийлаштириб олган.

Фуқаролар белгиланган муддатда қарз ва фоизларини бермаган тақдирда уй-жойдан оиласи билан чиқариб юбориш ва транспорт воситасини тортиб олиш билан шуғулланиб келган. Ваҳоланки, гаровга қўйилган мулк миқдори фоиз эвазига берилган пул маблағидан 3−4 баробар кўп бўлган.

Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ушбу шахсдан жабр кўрган ёки жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича бирор маълумотга эга фуқаролардан Тошкент шаҳар ИИББнинг 71−206−45−69, 71−206−49−46 ёки 102 рақамларига ёхуд 99−370−73−94 Telegram рақамига мурожаат қилиш сўралган. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.