29 январь куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Нишон тумани судида блогер Абдулҳаким Абжалиловга оид жиноят иши бўйича суд якунланди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га вилоят судлари матбуот хизмати.

Ҳукмга мувофиқ, Наманган вилоятида туғилган, Achchiq haqiqat МЧЖ раҳбари, шу номдаги канал админи бўлган 49 ёшли блогер Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми «а», «в» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Таъкидланишича, мазкур жиноят Қашқадарёда содир этилган.

Унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Блогер тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўтайди. Шунингдек, ишда жабрланувчи бўлган икки кишининг бирига 1 млн сўм зарар ундириш белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал Эмине Караманова номи билан танилган блогер Лемара Мирзаахмедовага нисбатан 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. У туҳмат, ҳақорат қилиш ва товламачилик жиноятларида айбли деб топилган.

Шунингдек, Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмаси қабулхона-диагностика бўлими мудири вазифасида ишлаган блогер Отабек Ахлиддиновга 7 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган. У товламачилик ва талон-торож қилишда айбланган.