13 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида ижтимоий тармоқларда Эмине Караманова тахаллуси била танилган блогер Лемара Мирзаахмедовага нисбатан ўқилган биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз ва шикоятлар қаноатлантирилмасдан қолдирилди, дея хабар бермоқда Олий суд матбуот хизмати.

47 ёшли блогер, оилали, муқаддам судланмаган аёл Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) 3-қисми «а», «г» бандлари, 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 2-қисми ва 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 61-моддаси (Жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) тартибида 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тергов органи томонидан блогерга қўйилган Жиноят кодексининг 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми «а», «б» бандлари ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятлар чиқариб ташланган.

«Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг ёзишича, товламачилик эпизоди бўйича жабрланувчи Янгийўл тумани ҳокимлиги мутасаддиси ҳисобланади. У блогер жазо муддатини умумий тартибдаги колонияда ўташини қўшимча қилди.

Март ойида Тошкент вилояти ИИББ Лемара Мирзааҳмедова ҳибсга олинишига блогерлик фаолиятининг алоқаси йўқлигини, унга тегишли қурилиш фирмасида бюджет маблағлари талон-торож қилинганини хабар қилганди.