Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмаси қабулхона-диагностика бўлими собиқ мудири, блогер Отабек Ахлиддиновга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Андижон вилояти судлари матбуот хизмати хабар қилди.

Жиноят ишлари бўйича Хонобод шаҳар судининг 2023 йил 24 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ Отабек Ахлиддинов (1973 йилда Андижон вилоятида туғилгaн, маълумоти — олий, оилали, 6 нафар фарзанди бор, Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмаси қабулхона-диагностика бўлими мудири вазифасида ишлаган, блогерлик фаолияти билан шуғулланган, муқaддaм судлaнмагaн) жабрланувчи Ж.М.нинг мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритганлик юзасидан эълон қилинган айблов эпизоди бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1-банди билан оқланиб, жиноят ишининг шу қисми тугатилган.

Шунингдек, Отабек Ахлиддинов Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «а» банди ва 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59- (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 61- (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 3 йилга муайян ҳуқуқлардан, яъни давлат ташкилотларининг мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларида ишлаш ҳамда блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқларидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Отабек Ахлиддинов ва унинг ҳимоячиси томонидан берилган апелляция шикояти ва Хонобод шаҳар прокурори томонидан келтирилган апелляция протести кўриб чиқилиб, Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 5 декабрдаги ҳукми билан биринчи инстанция ҳукми бекор қилиниб, Отабек Ахлиддинов Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан (жабрланувчи Ж.М.нинг мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритганлиги бўйича эпизод) Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-бандига асосан оқланди.

Шунингдек, Отабек Ахлиддинов Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» банди ва 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисми ва 61-моддасига асосан 3 йилга давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳамда блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 7 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу тариқа апелляция протести қаноатлантирилиб, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.