29 январь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда кўп қаватли уйларни таъмирлаш, уларнинг ертўлаларини ижарага бериш ҳам муҳокама қилинди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг саҳифасида хабар берилди.

Ҳозирда кўп қаватли уйлардаги 2 мингта ертўла тадбиркорларга ижарага берилмасдан, бўш ётибди. Ваҳоланки, бу орқали маҳаллаларда 20 мингта иш ўрни яратиш ва ижарадан йилига 150−200 миллиард сўм қўшимча даромад топиш мумкин, дейилди йиғилишда.

Энди кўп қаватли уйлар ертўласи ва бўш жойларини ижарага беришни янги тартиби жорий қилинади.

Бунда ертўла ва бўш майдонлар ҳақида маълумотлар рақамлаштирилиб, «Менинг уйим» тизимига боғланади ҳамда аҳоли ва ташаббускорларга очиқ эълон қилинади. Шунингдек, ижара тўловлари фақат «Менинг уйим» платформаси орқали ҳисоб-китоб қилинади ва аҳоли учун очиқ бўлади.

Бундан ташқари, комплекс раҳбариятига авария ҳолатидаги уйларни реновация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, қурилиш, транспорт ва экология соҳалари бўйича ҳукумат комплекси раҳбариятига (раҳбари Ачилбай Раматов, расмда) эскирган уй-жойларни таъмирлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни топширди.

Ўша йиғилишда президент уй-жой бошқаруви компаниялари фаолияти кўп ҳолларда қониқарли эмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, 20 минг кўп қаватли уй аҳолиси уларнинг ишларидан норози.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил апрель ойида президент кўп қаватли уйларнинг ертўлаларини инвентаризация қилиш ва уларни тадбиркорлик фаолияти учун ажратишни бошлаш тўғрисида топшириқ берганди. Ўша йилнинг охирига қадар Тошкент шаҳрида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 415 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган, шундан қарийб 10 мингтаси уйларнинг биринчи қаватлари ва ертўлаларида ижарага бериш ҳисобига ташкил этилиши маълум бўлган.

Ўша йилнинг октябрь ойида ҳукумат кўп қаватли уйларнинг ертўлаларини тадбиркорлик фаолияти учун ажратиш қоидаларини тасдиқлаганди. Ертўлаларда дўконлар, киосклар, сартарошхоналар, кафелар ва бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин. Улар фақат бинодаги квартираларнинг эгаларининг розилиги билан ажратилиши керак.