Ҳукумат қарори билан кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда «Huquqiy axborot» Telegram-канали хабар берди.

Низомга кўра, ертўладан фойдаланиш кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг розилигига асосан амалга оширилади.

Ертўладан жойлар фақат ертўлада шуғулланилиши мумкин бўлган қуйидаги фаолият турларини амалга ошириш учун берилади:

  • озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан савдо қилиш (дўконлар, киоскалар, дўкончалар ва бошқалар);
  • маиший хизмат кўрсатиш (сартарошхона, пойабзал тикиш ва таъмирлаш, оптика, соат созлаш устахоналари, тикувчилик ва каштачилик, ателье);
  • умумий овқатланиш (ресторанлар, кафе, кафетерийлар, музқаймоқ ва чанқовбосди ичимликлар барлари, газакхоналар);
  • банк хизматлари кўрсатиш (банкларнинг бўлимлари ва валюта алмаштириш пунктлари);
  • алоқа хизматлари кўрсатиш (почта бўлими) ва курьерлик фаолияти;
  • газеталар, журналлар ва китоб маҳсулотлари билан савдо қилиш;
  • бижутерия ва жевакларни тайёрлаш ва таъмирлаш;
  • гулчамбарлар, сунъий гуллар ва гул маржонларини тайёрлаш;
  • рассомлик ва ҳайкалтарошлик;
  • хизмат кўрсатиш ва тадбиркорларнинг офислари ҳамда идоралари;
  • видео ва фотосуратга олиш, компьютер хизматлари;
  • таржима ва таҳрир хизматлари;
  • дизайн, чизмачилик-графика хизматлари;
  • кийим-кечак ва идишларни ижарага бериш хизмати;
  • риэлторлик фаолияти;
  • газламаларга нақшлар солиш, трафаретли босма ва қўлда расм чизиш хизматлари;
  • жисмоний тарбия ва спорт муассасалари фаолияти;
  • давлат ташкилотларини жойлаштириш;
  • суғурта ташкилотларини жойлаштириш.

Мазкур фаолият турларини ёнғинга қарши ва техник шартларнинг минимал талаблари асосида ташкил этишга рухсат берилади.

Адлия вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, кўп квартирали уйнинг ертўласида қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланишга йўл қўйилмайди:

  • уйни қуришда ўтириладиган жойлари сони лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилмаган, шунингдек, соат 23:00дан кейин ҳам ишлайдиган умумий овқатланиш корхоналари, ресторанлар, кафелар, кафетерийлар, барлар;
  • кимёвий товарлар, сабзавот ва балиқ маҳсулотларини, шунингдек, газ баллон, кимё воситалари, енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликлар ҳамда портлаб ёниш хавфлилиги жиҳатидан хавфли бўлган бошқа моддалар ва материаллар бор бўлган маҳсулотларни сотувчи дўконлар;
  • ўз ишлаб чиқаришида тез ёнувчи моддаларни қўлловчи кимёвий тозалаш хоналари;
  • 10 тадан ортиқ иш ўрнига эга бўлган пойабзал тикиш ва таъмирлаш устахоналари;
  • ҳаммомлар ва сауналар;
  • алоқа тармоқ станциялари, шаҳарлараро алоқанинг кеча-кундуз фойдаланиладиган сўзлашув пунктлари ва телеграф;
  • жамоат ҳожатхоналари;
  • маросимлар билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш муассасалари;
  • саноат корхоналари фаолиятининг барча турлари;
  • уй ҳайвонлари ва паррандалари боқишга ёки кўпайтиришга мўлжалланган жойлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг транспорт воситалари учун гаражлар (махсус лойиха асосида қурилган гаражлар бундан мустасно);
  • яшаш жойлари, кинотеатр, ётоқхона ва меҳмонхоналар ташкил этиш.

Ертўладан фойдаланганлик учун тўланадиган ижара тўловларининг энг кам миқдорлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

Ижара тўловлари ушбу кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкини сақлаш харажатларига йўналтирилади.

Ертўладан фойдаланувчи томонидан уни бошқа шахсларга сотиш, ҳадя этиш, гаровга қўйиш ва ижарага беришга йўл қўйилмайди.

Ертўла ёки унинг бир қисмини ертўладан фойдаланувчига бериш кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори асосида амалга оширилади. Умумий йиғилишнинг қарори, агар уни ёқлаб умумий йиғилишда ҳозир бўлган жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг 50 фоизидан кўпроқ овоз берса, қабул қилинган деб ҳисобланади.

Шунингдек, ертўладан фойдаланишда қуйидагилар тақиқланади:

  • кўп квартирали уйнинг ён-атрофидаги йўлакларда, фасад қисмларида, умумий фойдаланиш ҳудудларида ҳар хил кўрсаткичлар, пешлавҳалар, флагштоклар, меъморчилик деталлари, рекламалар, палаткалар, турли ёзувлар, афишалар, плакатлар, ҳар хил эълонлар ва бошқаларни кўп квартирали уйни бошқариш органининг ёзма розилигисиз ўрнатиш;
  • ертўладан фойдаланиш натижасида маиший ва бошқа чиқиндиларни белгиланмаган жойларга тўкиш, ташлаш ва ёқиш;
  • фавқулодда вазиятларда ертўладаги ўтиладиган жойлар, умумий йўлаклар, қўшимча ўтиш ва чиқиш жойларини турли буюмлар ва асбоб-ускуналар билан тирбанд қилиш ва ҳ.к.

Август ойида Тошкентда хизмат кўрсатиш соҳасида 415 мингдан ортиқ иш ўринларини ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Бу янги тадбиркорлик субъектлари ва туну кун ишлайдиган савдо-кўнгилочар кўчалар ташкил этиш, ўзини ўзи банд қилиш, биринчи қават ва ертўлаларни ижарага бериш орқали амалга оширилиши айтилган.