Уй-жой бошқаруви компаниялари фаолияти кўп ҳолларда қониқарли эмас. 20 минг кўп қаватли уй аҳолиси уларнинг ишларидан норози. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Давлат раҳбари бошқарув компаниялари ва ширкатларнинг қайтарилмаган кредити ва дебитор қарздорлиги билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини таъкидлади.

Шу муносабат билан мутасаддиларга бошқарув компаниялари фаолиятини соғломлаштириш чораларини кўриш топширилди.

Умуман, электр, газ, сув, иссиқлик, чиқинди, «квартплата», солиқ тўловлари бўйича хонадоннинг ягона биллинг ҳисоб-рақамини жорий қилиш вақти келгани қайд этилиб, хорижий тажриба асосида тегишли таклифларни ишлаб чиқиш топширилди.

Кўп қаватли уйларни бошқариш, иссиқлик ва сув таъминоти соҳаларида кескин ўзгариш бўлмаётгани танқид қилинди.

Жумладан, аксарият кўп қаватли уйларда энергия сарфи хорижга нисбатан 3−4 баробар юқори, иссиқлик таъминоти тизимида энергия йўқотишлари кўп, тизимда бугунги кунга қадар бирор марта энергия аудити ўтказилмаган, дебитор қарздорлиги оқибатида иссиқлик корхоналари тизимни яхшилашга инвестиция киритмаяпти.

Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Энергетика вазирлигига кўп қаватли уйларда энергия тежаш бўйича алоҳида дастур амалга оширишни бошлаш топширилди.

Халқаро экспертлар жалб қилиниб, қаерда марказлашган, қаерда локал ёки индивидуал иситиш тизимини қўллаш, қайси қозонхоналарни когенерация технологиясига ўтказиш бўйича ҳар бир ҳудуднинг иссиқлик таъминоти схемаси ишлаб чиқилади.