Президент Шавкат Мирзиёев 18 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга етказишда ишончли логистика занжирларини ташкил қилиш масалаларини кўтарди.

Унинг таъкидлашича, айрим мамлакатларда юк ташишда қўшимча йиғимлар мавжуд, ҳайдовчилар учун виза режими мураккаб, автотранспорт учун вазн талабларини мувофиқлаштириш якунига етказилмаган, портларда экспорт товарларини сақлаш ва қайта ишлашга мўлжалланган терминаллар йўқ. Бу масалалар билан лозим даражада шуғулланмаётгани учун транспорт вазири Илҳом Маҳкамов огоҳлантирилди.

Инвестиция вазирлигига логистикадаги муаммоларни ечиш, минтақавий ва йирик халқаро лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича бир қатор топшириқлар берилди.

Президент стратегик темир йўл коридорларини барпо этиш доирасидаги ишларни фаоллаштириш лозимлигини қайд этди. Мутасаддиларга хорижий мамлакатларда маҳаллий ташувчилар учун виза режимини соддалаштириш чораларини кўришни топширди.

Давлат раҳбари, шунингдек, айрим элчи ва савдо маслаҳатчилари янги бозорларни топиш, уларга маҳсулотларни олиб кириш ҳақида умуман бош қотирмаётганини таъкидлади. Хусусан, ўтган йили 13 та давлатга экспорт камайган.

Охирги икки йилда айрим мамлакатлар томонидан жами 18 та тариф ва нотариф тўсиқлар жорий қилинган. Шунингдек, баъзи давлатлар тайёр трикотаж, мато, кабель, ипак учун юқори бож ставкаларини қўллаяпти.

«Аслида маҳсулотларимизга ҳамкор топиш, экспорт тўсиқларини юмшатиш элчилар ва маслаҳатчиларнинг савдо йўналишидаги энг асосий вазифаси эмасми?!» — деди президент.

Барча элчи ва савдо маслаҳатчилари учун алоҳида самарадорлик кўрсаткичлари белгиланиши, ишини эплай олмаган ва KPIни бажармаганлари интизомий жазога тортилиши белгиланди.

Аввалроқ президент экспорт комплекси раҳбарияти ва ҳокимларнинг 2024 йил учун экспорт режаси етарли эмаслигини қайд этганди. Абдулла Ариповга экспорт ҳажмлари камайгани учун Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ҳокимларининг инвестиция бўйича ўринбосарлари ҳамда 10 та туман ва шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий чора кўриш топширилган.

Йиғилишда инвестициялар соҳасида чорак якунигача ўзгариш қилмаса, комплекс учун масъул бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаевнинг лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши маълум қилинган. Ўз тизимидаги камчилик ва сусткашлик бўлгани учун инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов ва Техник тартибга солиш агентлиги раҳбари Дилшод Сатторовни лавозимидан озод қилинган.