Яширин иқтисодиёт билан курашишни яхшилаш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти чуқур таҳлил, тезкор-қидирув, тафтиш ва ўзи тергов қиладиган идорага айлантирилади, унинг раҳбари бош прокурор ўринбосари бўлади. Бу ҳақда президент раислигидаги селекторда маълум қилинди.

«Бугунги кундаги энг долзарб масала, бу — яширин иқтисодиёт таҳлиллар хизматлар, қурилиш, саноат соҳаларида ўнлаб триллион сўмлик маҳсулот «соя»да қолаётганини кўрсатмоқда. Бу орқали ялпи ички маҳсулотга 135 триллион сўм, бюджетга 30 триллион сўм тушум йўқотилмоқда» — деди президент

Масалан, қурилиш корхоналарининг 41 фоизи ҳисоботида фақат 1 нафар ишчисини кўрсатган. Ваҳоланки, бу корхоналар ўтган йилни ўзида 4 триллион сўмлик қурилиш ишларини бажарган. Ёки камида 25 гектардан ери бор 5 мингта мева-сабзавотчилик фермер хўжалигида 1 тадан расмий ишчи рўйхатдан ўтган.

«Бир нарсани аниқ тушуниш зарур. Яширин иқтисодиёт, авваламбор, тўғри ишлаётган тадбиркорлар фаолиятига катта тўсиқ бўлаяпти. Бугунги кунда интизомли тадбиркорлар „қани адолатли рақобат“ деган ҳақли эътирозларини кўп-кўп айтаяпти», — деди давлат раҳбари.

Ҳозирда яширин иқтисодиёт ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш билан 14 та орган тарқоқ ҳолда шуғулланмоқда. Уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирадиган яхлит иш тизими йўқ. Шунинг учун яширин иқтисодиёт билан курашиш янги поғонага олиб чиқилиши қайд этилди.

«Шу мақсадда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолияти кучайтирилади. Шу пайтгача Департаментнинг тергов юритиш ваколати бўлмагани ва қонунларда жуда кўп ҳуқуқий коллизиялар мавжудлиги сабабли самарали ишлай олмади. Мисол учун, ҳозирги кунда «обнал фирма»га нисбатан жиноят иши қўзғатиш олти ойгача вақт олади. Бу даврда қўштирноқ ичидаги уддабуронлар барча ноқонуний ишларини якунлашга улгуради», — дея хабар қилди.

Шуларни ҳисобга олиб, Департамент чуқур таҳлил, тезкор-қидирув, тафтиш ва ўзи тергов қиладиган идорага айланади. Унинг раҳбари бир вақтнинг ўзида бош прокурор ўринбосари бўлади.

Департаментга энг замонавий ахборот тизимлари, махсус воситалар олиб берилади, иқтисодий соҳалар ва чет тилларини мукаммал биладиган, фидойи ва ватанпарвар мутахассислар танлаб олинади.

Департамент ҳузурида Илмий-таҳлилий ва ўқув маркази очилади. Марказ яширин иқтисодиётга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб, илғор хорижий тажриба асосида таклифлар ишлаб чиқади, тизим ходимларини иқтисодий жиноятларни аниқлаш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича ўқитади.

Шу билан бирга, Бош прокуратурада ҳам яширин иқтисодиёт бўйича алоҳида бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил қилинади.

Департамент 5 та муҳим йўналиш: қурилиш, фармацевтика, алкоголь ва тамаки, ноқонуний импорт, нақдлаштириш ва капитални ноқонуний четга олиб чиқиш борасида кескин ўзгариш қилиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.