Ўзбекистонда 1 мартгача тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Шавкат Мирзиёев душанба куни унинг ижросига доир тақдимот билан танишди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, рейтингда тадбиркорларни фаолият даври, рентабеллик даражаси, тўлов интизоми, аҳоли бандлигини таъминлашдаги ўрни ва иш ҳақи каби 23 та мезон бўйича 4 тоифага бўлиш кўзда тутилган.

Рейтинг солиқ, адлия ва суд органлари маълумотлари асосида тузилади. Ҳар бир тадбиркор реал вақт режимида ўз ўрни ва баҳосини билиб бориши мумкин бўлади.

Рейтинги юқори тадбиркорлар учун барча солиқ текширувлари бекор қилинади, қўшилган қиймат солиғи суммаси бир кун ичида, бошқа солиқ турлари бўйича ортиқча тўловлар уч кун ичида қайтарилади. Товарларни импорт қилиш ва сотишда қўшилган қиймат солиғини божхона ва солиқ органларида ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади.

Аукцион орқали сотиб олинган давлат активлари ва ер участкалари қийматини бўлиб тўлаш муддати 3 йилдан 5 йилгача узайтирилади. Бунда агар тадбиркор камида 15 фоиз миқдорида дастлабки тўловни бирйўла амалга оширганда, қолган суммага йиллик фоизлар ҳисобланмайди.

«Бундай рейтинг шунинг учун ҳам муҳимки, энди тадбиркорлар фаолиятига солиқчилар эмас, электрон тизим баҳо беради. Келгусида субсидия, имтиёз ва преференциялар рейтингдан келиб чиқиб берилади. Кўрсаткичи паст бўлганлар интизомли тадбиркорлар сафига кириш ва кўпроқ имкониятга эга бўлиш учун ҳаракат қилади», — дейилади хабарда.

Бошқа томондан, рейтинг «тадбиркорларга ўз ҳамкорлари тўғрисида ишончли маълумот берувчи, шубҳали шартномалар ва инсофсиз рақобат хавфидан огоҳлантирувчи ҳимоя тизимига» айланиши керак. Бу орқали яширин иқтисодиётни қисқартириш режа қилинган.

Шавкат Мирзиёев тизимни пухта ишлаб чиқиш, унинг адолатли ва самарадорлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

«Тадбиркорлар синфи жамиятда етакчи кучга айланмоқда, ёшлар уларга қараб интилмоқда. Энди ушбу рейтинг орқали тадбиркорлар ўртасида қонунларга итоат қилиш, интизомли ва ҳаракатчан бўлишни рағбатлантириш зарур. Буни жорий қилиш ва самарадорлигини таъминлашда Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат кенгашининг ўрни катта бўлиши керак», — деди президент.

Давлат раҳбари рейтинги паст тадбиркорлар билан манзилли ишлаб, фаолиятини жонлантириш ва тиклашда кўмаклашиш муҳимлигини таъкидлади.

Рейтингни жорий этиш масаласи президентнинг ўтган ёзда тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотида муҳокама қилинган эди.