16 январь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бир неча туманлар ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш масаласи кўтарилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Йиғилишда бюджет тушуми учун энг катта захира ерларни тадбиркорларга аукцион орқали сотиш экани таъкидланди.

2023 йилда бундан 1 триллион сўм тушум бўлган, 12 мингта янги лойиҳалар қўшилган. Лекин жойлардаги сусткашлик боис ўтган йили 3 триллион сўм қўшимча тушум бой берилди, дейилади хабарда.

Бош вазир Абдулла Ариповга йил давомида аукционга умуман ер чиқармаган Балиқчи, Жалақудуқ (Андижон вилояти), Бектемир, Миробод, Олмазор, Чилонзор, Юнусобод, Яккасарой (Тошкент шаҳри) туманлари ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини ҳал қилиш топширилди.

Давактив агентлиги ерларни аукционда сотиш бўйича 4 триллион сўмлик режани туманбай ишлаб чиқиши ва ижросини таъминлаши белгиланди.

Туманнинг мастер режаси бўлса, бу жуда катта маблағ, тадбиркорлар ва бандлик учун манба бўлади, деди президент. Лекин ҳозиргача бор-йўғи 17 та кичик аҳоли пунктининг мастер режаси тайёрлангани маълум қилинди.

Иқтисодий комплекс раҳбариятига йил якунига қадар 70 та, келаси йили барча туманларнинг мастер режаларини ишлаб чиқишга топшириқ берилди.