Транспорт вазирлиги ҳузуридаги лойиҳа офиси директори Мурод Абидов «Лолазор» подкастида Тошкентда трамвай қуриш режалари ҳақида гапирди. Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев роппа-роса икки йил аввал трамвай пойтахтга қайтиши мумкинлигини маълум қилганди. Ўшандан бери бу ҳақда вақти-вақти билан янгиликлар чиқади, аммо аниқ режалар ва йўналишлар ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмайди.

Мурод Обидовнинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда шаҳар йўлларининг остидаги коммуникациялар билан трамвай қуриш учун катта харажат талаб этилади.

«Олдинги трамвай тизими ҳозирги замонавий талабга жавоб бермайди. Олдин ўзим анча пайт Ибн Сино кўчасида турганман. Трамвай ўтганда бизнинг беш қаватли уйимизнинг учинчи қаватининг ҳамма ери қимирлаб турарди. Трамвай бу даражада „вибрация“ бериш керак эмас. Кўрган бўлсангиз, Европада тарихий шаҳарларнинг марказидан ўтган трамвай, лекин умуман овози ҳам чиқмайди, вибрация ҳам сезилмайди. Шунақа трамвай тизимини жорий қилиш режамизда бор. Ҳозир Франция билан лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Кейинги босқичларда трамвай линияларини қаерга жорий қилиш ўрганилади», — деди у.

Мурод Абидовнинг айтишича, 600 миллион долларга янги метро бекатлари қурилиши метрополитенга кунига 200 мингдан 600−650 минггача йўловчи ташишни кўпайтириш имконини берди, лекин автобусларга 200 миллион доллар харажат қилиш орқали 400 минг йўловчини 1,1 миллионгача олиб чиқишга эришилди.

«Одамлар кўчада пойлаб қолмасликлари учун биз тезроқ ва каттароқ эффектга чиқишимиз керак. Бу нарса тезроқ юриши керак…Трамвайнинг қурилиши йилларга чўзилиб кетади. Биринчидан, лойиҳалашнинг ўзига 1−1,5 йил вақт кетади, ундан кейин қурилишга шунча вақт кетади. Шунча пайт давомида йўллар ёпиқ бўлади, одамлар қийналади, ўша тор йўлда, ўша автобусда, ўша кичик тезликда ҳаракатланишга мажбур бўлади. Ҳозир автобус ишлатсак, бизда шахсий транспортга нисбатан рақобатбардош вақтни таъминлай олиш имкони бор», — деди Мурод Обидов.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги лойиҳа офиси директори расмийлар трамвайдан воз кечиш тўғрисидаги қарор хато бўлганини тушунадими, деган саволга трамвай тизимини нотўғри режалаштириш трамвай тугатилишидан анча олдин бошланганини таъкидлади.

«Эсингизда бўлса, ўша пайтларда янги трамвай линиялари қурилганди, керакли йўналишлардан олиб ташлаб, кераксиз йўналишларга ўтказилганди. Мутахассисларнинг ўзини гапи бор эди: „ҳеч қаердан ҳеч қаерга“. Икки томони ҳам талаб бўлмаган жойни бирлаштирадиган линиялар қурилган. Кейинчалик, ҳалқа йўли бўйлаб қилиш режаси бўлган, лекин унга тўлиқ етиб борилмаган. Ўша босқичда трамвайларга бўлган талаб тушиб кетган», — деди у.

«Ундан олдинги даврларда шаҳар марказидан ТТЗга борадиган, вокзалга борадиган трамвай линияларида „жуда катта оқим“ бўлган», — деди у.

Мурод Абидовнинг қайд этишича, трамвай автобусда ташишдан кўпроқ эҳтиёж бўлганда қурилади.

«Ўзининг ўлчови бор. Автобусларда ташиладиган йўловчилар соатига 2000−3000 киши бўлади, алоҳида линияларда 6000 нафаргача, ундан ошгани — 12 минггача трамвайларда, 12 мингдан 25 минггача йўловчи эса метрода ташилади. Йўловчи оқими шакллангандан кейин транспорт тури аста-секин ўзгариб, модернизация қилиб борилади. Ҳозирги пайтда трамвайлар, жумладан автобусларнинг, бешта секциялилари чиқиб кетди. Катта ҳаражат қилиб метро ёки трамвай қуришдан кўра, ўрта йўлда ўта катта сиғимли автобусларни ишга тушириш имкониятлари бор», — деди у.

Транспорт вазирлиги вакилининг айтишича, кўчалар ўртасида автобуслар учун алоҳида линиялар ташкил этиш Шота Руставели кўчасидан кейин босқичма-босқич қолган томонларга ҳам жорий қилинади.

Унинг сўзларига кўра, кўчалар ўртасида автобус йўлаклари ташкил қилиш, Шота Руставели кўчасида реконструкция бошлашдан аввал аҳолига барқарор жамоат транспорти кўринишидаги муқобил йўлни таклиф қилиш керак.

«Олдин ишлаш керак, ундан сўнг кейинги босқичларга ўтса бўлади. Ҳозир Тошкентда энг камида айтилган йўлларда алоҳида автобус линияси ишлаб, умумий ҳаракатланишнинг маълум бир даражасини, айтайлик, 50 фоизини жамоат транспортига ўтказиб олишимиз керак. Ундан кейинги босқичларда тор кўчаларни янаям торайтириш имкони бўлади, чунки одамлар жамоат транспортида ҳаракатланишни бошлайди. Жамоат транспортида ҳали ҳаракатланмаётган ёки жамоат транспорти орқали етарли вақтда етиб боролмайдиган ёки шахсий транспорт билан вақт бўйича рақобат қилолмайдиган жойларда бу нарсани бошлаш нотўғри бўлади», — деди у.

Автомобиллашганлик даражаси Тошкентда ҳар 1000 кишига 240 та, Қозоғистонда 350 та, Германияда 500 дан ортиқ, АҚШнинг айрим штатларида 800 та автомобилга тўғри келади.

«Лекин Европада ҳам, Қозоғистонда ҳам йўллар бизникидек кўп эмас, тор, бошқа… Уларда автомобиллашганлик даражаси юқори бўлгани билан ундан фойдаланиш улуши паст. Яъни уларда кундалик фойдаланадиган асосий транспорт тури жамоат транспорти ҳисобланади», — дейди у.

Тошкентда бир кунда 9 миллионта ҳаракатланишга эҳтиёж бор. «Шундан 3 миллиони пиёда дўконга чиқиб келадиган, мактаб ва боғчага борадиган. 6 миллиони транспорт ҳаракатланадиган. Бу транспорт талабининг 1,8 миллионини автобус ва метрога олдик. Бир йил олдин бу кўрсаткич 2 баравар кам эди. Ҳозирги кунда 28 фоизга олиб чиқдик, шуни 50 фоиздан оширишимиз керак. Айрим мамлакатларда пиёда юришни ҳисобга олсак 70−80 фоизга етади», — деди Мурод Обидов.

Унинг сўзларига кўра, шахсий автомашиналарни харид қилишни чеклаш керак эмас, лекин унга техник хизмат кўрсатиш қийин бўлиши керак.

«Шаҳар марказидаги ер — энг қиммат ер, жамият мулки. Ҳамма фойдаланадиган жойда кимнидир машинаси эрталабдан кечгача турмаслиги керак. У ерда, биринчидан, парковканинг сонини чеклаш керак, кўпроқ ерни умумий фойдаланишга йўловчилар учун очиш керак, одамлар эрталабдан кечгача машинасини қўймоқчи бўлса, таксида бориб келишга ишлатадиган пулидан уч баравар кўп пул бўлиши керак», — деди у.

Лойиҳа офиси директори Шота Руставели кўчаси мисолида 1,5 полосани эгаллаган автомашиналарнинг тартибсиз тўхташ жойига эътибор қаратди, шу сабабли 5 полосанинг 2 таси ишламайди.

«Икки қаторни олиб туриб, йўл четида тўхташ жойи қилсак ҳам, ёнига велосипед йўлаги ва автобус йўлагини ташкил қилсак ҳам, умумий оқимга таъсир қилмайди. Бошқа кўчаларда бунинг иложи бўлмаслиги мумкин, шунинг учун улар бошқача метод ишлатамиз», — деди у.

Аввалроқ ўша подкастда Мурод Абидов Тошкентда кўчалар ўртасида автобус йўлаклари ташкил этилишини айтганди. Унда 5 та секцияли 32 ва 35 метрли автобуслар ҳаракатланиши режалаштирилган, деди Транспорт вазирлиги вакили. Инфратузилма юкини камайтириш учун пойтахтга кираверишда 12 та янги экспресс йўналишни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

«Газета.uz» 2022 йил ноябрида Франциянинг Alstom машинасозлик компанияси Тошкентда трамвай йўлларини қуриши ҳақида хабар берганди. Лойиҳа қиймати 167,4 млн еврога баҳоланмоқда. Ҳужжат Парижда имзоланган.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов қурилиш ишлари билан Alstom шуғулланишини тасдиқлаган, бироқ линияларнинг йўналишлари ҳали аниқ эмаслигини билдирган. Тошкентни бўлажак «Янги Тошкент» шаҳри билан боғловчи Янги Ўзбекистон кўчаси истиқболли йўналишлардан бири бўлиши мумкин. Бунда, тахминларга кўра, линия «Дўстлик» метро бекатидан бошлаб, Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб ўтади.

Бунгача 2022 йилнинг ёзида Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев иккита — ТТЗ ҳамда «Ипподром» дан Шимолий вокзалгача бўлган йўналиш доирасида таклифлар тайёрланганини маълум қилганди. Шунинг билан бу режалар бошқа муҳокама қилинмади.