Транспорт вазирлиги ҳузуридаги лойиҳа офиси директори Мурод Абидов «Лолазор» подкастида Тошкент жамоат транспортини ривожлантириш режалари ҳақида гапирди.

Мурод Абидов. Фото: «Лолазор».Мурод Абидов. Фото: «Лолазор».

Унинг сўзларига кўра, жамоат транспортини ривожлантириш учта асосий йўналишни ўз ичига олади.

«Биринчиси — институционал ўзгаришлар. Институционал ўзгаришларда умумий транспорт хизматларини ташкил этишнинг молиявий механизмлари бор… Бу йўналишда жамоат транспортини [20]23 йилда революцион ўзгартиришга эришдик, яъни брутто-контракт тизимини жорий қилдик. Бу тизим орқали, жамоат транспортининг умумий ишини олиб қарайдиган бўлсак, биз [одамларни] сифат кўрсаткичини таъминлайдиган планка қўйиб ишлата оламиз ҳозир, шунақа имкониятимиз бор. Олдин бу имконият йўқ эди… Маблағ бўйича таъсир ўтказиш имконияти йўқ эди, фақатгина лицензиясини тўхтатиб қўйиш ё қўймаслик деган ричаг бор эди. Лицензияни тўхтатиб қўйганда, Тошкентда амаллаб, бошқа парк ёки бошқа бир ташувчиникини [жалб] қилиб қилса бўларди, лекин ҳудудларда ташувчининг ўзи йўқ. Сифатли хизмат кўрсата олмагани учун унинг лицензиясини тўхтатиб қўйса, умуман одамлар транспортсиз қолиб кетади-да», — деди у.

Президентнинг 2023 йил 16 февралдаги қарори билан Тошкент шаҳрида мунтазам автобус йўналишларида брутто-шартномалар асосида йўловчи ташишни ташкил этиш ва молиялаштириш тизимини босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.

Мурод Абидовнинг тушунтиришича, эски тизимда автобус парклари ўзлари пул йиғиб, кейин етишмаётган қисмини бюджетдан субсидия сифатида олган. Брутто-шартнома тизимида маблағлар ягона ғазна ҳисобварағига тушади, бу орқали ташувчилар босиб ўтган масофа ва кўрсатилаётган хизматлар сифатига қараб пул олади. «Газета.uz» ушбу тизим қандай ишлашини батафсил тушунтириб берганди.

Иккинчи йўналиш хусусий секторни жамоат транспорти соҳасининг жозибадорлигига ишонтириш йўлидаги ташкилий масалалар билан боғлиқ.

Учинчи муаммо — инфратузилма, бу нафақат Тошкент шаҳри, балки ҳудудлар учун ҳам долзарбдир.

«Тошкентда йилига 100 минг аҳоли кўпайиб бормоқда. 100 минг аҳолига [20]21 йилда 40−45 минг машина қўшилган. [20]22 йилда 76 минг машина қўшилди, [20]23 йилда 100 мингга яқин машина қўшилди. Шунақа статистика келяпти (сўнгги бир йил ичида аҳоли ва автомобиллар сонининг ўсиши тенглашган — таҳр.)», — деди у шаҳар йўл инфратузилмасига юк ортганини таъкидлаб.

Тарифлар

Мурод Абидов жамоат транспортида нақд пулда тўловни амалга оширишда йўл ҳақи карта орқали тўлашдан сезиларли даражада юқори бўлиши кераклиги ҳақидаги фикрга қўшилди. «Нақд тўловларни биз бошланишида жуда кўп ташкилотлар билан талашиб-тортишиб, 2000 [сўм]гача зўрға олиб чиқдик-да кўтариб, нақд камайсин деган мақсадда. Буни биз ундан ҳам кўтаришимиз керак, 30 фоиздан ошиқроқ қиммат бўлиши керак», — деди у.

Унинг фикрича, нақд ва карта орқали тўлашда нарх ўртасидаги фарқ янада юқори бўлиши керак — 40−50 фоизгача, аммо бу — қийин масала.

Тошкент шаҳрининг 2024 йилги бюджетига арзонлаштирилган тарифлардаги брутто-шартномалар бўйича жамоат транспорти хизматларига мўлжалланган субсидиялар учун 1 триллион сўм ажратилган. 2023 йилда бу мақсад учун давлат бюджетидан 412 миллиард сўм ажратилганди.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги лойиҳа офиси раҳбари бу миқдор жамоат транспортида босиб ўтилган масофа, шунингдек, янги автотранспорт воситаларини сотиб олишда сарфланган кредит ёки лизинг харажатлари, техник хизмат кўрсатиш, эксплуатация харажатлари ва бошқалардан келиб чиқиб ҳисобланганини таъкидлади.

Мурод Абидов 2024 йилда Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларда жамоат транспорти учун автобус ва электробуслар харид қилиш давом этишини айтди.

«[20]24 йил охиригача 200 та электробус [олиб келиш] режамизда бор. [20]30 йилгача таҳминан 1000 та электробус келади Тошкентга, бу режада бор. 111-сонли ўтган йили чиққан қароримиз бор жамоат транспортини ривожлантириш концепцияси [ҳақида]. Ўшанда йилма-йил ёзилган режамиз бор эди. У режамизни озгина тезлаштирдик, яна қўшилди автобуслар сони», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, 600 миллион долларга янги метро бекатларининг қурилиши метрополитенга йўловчи ташиш ҳажмини кунига 200 мингдан 600−650 мингга оширган, автобуслар харид қилиш учун ажратилган 200 миллион долларлик сармоя эвазига эса кўрсаткични 400 мингдан 1,1 миллион йўловчига етказиш имкони бор.

Махсус йўлаклар

автобуслар, мурод абидов, одамлар учун шаҳар, тошкент, тошкент жамоат транспорти, транспорт вазирлиги, урбанистика

Мутахассис инфратузилма билан боғлиқ муаммони яна бир бор эслаб ўтди.

«Ҳозир бизда муаммо — инфраструктура… Инфраструктурани агар биз тўғрилаб, йўлларни очиб бермасак, олиб келган автобусларимизни ишлата олмаймиз. Улар «поровозник»ка ўхшаб етиб олади бир-бирининг орқасидан. Алоҳида, автобус тўсиқсиз ҳаракатланадиган инфратузилма ҳамда ҳаракатни ташкил этишни такомиллаштиришимиз керак», — дейди Мурод Абидов.

2023 йилда Тошкент шаҳрида автобуслар учун 44,8 километр узунликдаги ажратилган линиялар ташкил этилган.

«Ўзи бизда энг катта „нагрузка“ билан ишлаётган йўлларимиз 125 километр-да, 13 та коридоримиз бор. [Бу] қайсидир жойларда оғриқли, қайсидир жойларда маблағ талаб қиладиган жараён. Шунинг учун бу йил давомида қолган қисмида албатта жамоат транспорти устуворлигини таъминлайдиган ечимларни қиламиз», — деди у.

Мурод Абидовнинг таъкидлашича, кейинги босқичда кўчалар ўртасида автобуслар учун алоҳида линиялар ташкил этиш режалаштирилган.

«Уларнинг (кўча ўртасида қатнайдиган автобусларнинг — таҳр.) четдан юрадиган автобуслардан катта фарқи бор. Чунки уларда кесишмалар минимал даражага келтирилади. Йўлни кесиб ўтадиган, автобус ҳаракатига халақит берадиган кесишма деярли бўлмайди, чорраҳадан ташқари», — деди у.

Лойиҳа офиси раҳбари Тошкент моноцентрик шаҳар бўлиб, унинг иккита маркази — Амир Темур майдони ва Чорсу бозори эканини, шунингдек, учта ҳалқа йўллари борлигини таъкидлади.

«Асосий ҳаракатлар мана шу йўлларда бўлади-да. Мана, учта катта йўналишимиз метро билан қамраб олинган. Метро узоқ масофаларга кўп сонли аҳолини ташиш имкониятини беради. Худди шундай эҳтиёж қолган кўчаларда ҳам бор. Бу нарсани метро даражасига олиб чиқадиган йўловчи ташувлар хизматини тўғрилашимиз кейинги «этап»имизга боғлиқ. Кейинги «этап»нинг биринчи тизимини биз Шота Руставелида режалаштиряпмиз… Мана шу тизимни кейин босқичма-босқич қолган томонларга ҳам жорий қиламиз», — деди у.

Натижада транспорт ҳажми автобуслар сони эмас, балки уларнинг сиғимини кенгайтириш ҳисобига ҳам ортиши кутилмоқда.

«Бизда ҳозир энг каттаси (автобус — таҳр.) 150 сиғимли-да. 5 та секцияли 35 метр, 32 метрли автобусларни ҳам олиб келиш режамизда бор йўл инфраструктурасини тўғрилагандан кейин», — деди у.

Шота Руставели кўчасидаги пилот лойиҳа қуйидагиларни назарда тутади:

  • кўча марказида ажратилган йўлаклар ва автобус бекатларини жойлаштириш;
  • велосипед йўлларини пиёдалар йўлаклари эмас, балки автомобиль йўллари ҳисобидан ташкил этиш;
  • пулли парковкалар ва яшил оролчаларни «ёмғир боғлари» ҳисобига буфер зонасига олиш;
  • барча пиёдалар ўтиш жойларини светофорлар билан жиҳозлаш;
  • «ақлли» светофорларни ўрнатиш билан «яшил тўлқин» концепциясини амалга ошириш;
  • яшил майдонлар сонини кўпайтириш.

Вилоятларнинг Тошкент билан боғланиши

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Мурод Абидовнинг айтишича, ҳар куни 10 та транспорт пункти орқали Тошкент шаҳрига вилоятлардан 1,5 миллионга яқин одам кириб-чиқмоқда. Уларга шаҳарга киришда жамоат транспортидан бемалол фойдаланиши учун шароит яратиш керак.

«Тошкент шаҳрига доимий келиб-кетадиган, шу ерда ўқийдиган, ишлайдиган одамлар учун шаҳар жамоат транспортига осон боғланадиган тизим қилишимиз керак. Улар тўғри боғланиши керак эмас, битта кирган пайтда энг камида иккита метрога боғланиши керак. Битта метрога уланса ҳам, ўтадиган жойда муаммо келиб чиқади. [Уларни] «Чорсу»нинг ўзига ёки «Беруний»га олиб келганимиз билан биз муаммони охиригача ҳал қилмаймиз-да, боя айтганимдек, «Пахтакор»да яна муаммо кучаяди, ўта олмайди. Шунинг учун биз Тошкентга кирадиган 12 та янги экспресс маршрутларни режалаштиряпмиз 2024 йилга. Бу маршрутлар тўғри йўналишда ҳаракатланадиган бўлади-да, Тошкентдан чиққандан кейин маҳаллаларга кирмайди. Тошкентга кирган пайти камида иккита метро линиясидан ўтадиган бўлади. Шунда биз «разгрузка»ни ҳам оламиз метро «переходидан» ва ташқаридан кираётган одамларни тўғридан-тўғри жамоат транспорти тизимига боғлаймиз», — деди Мурод Абидов.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри атрофидаги аҳоли пунктларида транспорт йўналишларини ташкил этиш, шунингдек, уларни пойтахт жамоат транспорти тариф зонасига киритиш таклиф қилинмоқда.