Жаҳон банки навбатдаги «Жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш истиқболлари» (йилига икки марта — январь ва июнь ойларида нашр этилади) ҳисоботини эълон қилди. Унда глобал, минтақавий ва миллий иқтисодиётлар ривожланишининг жорий тенденциялари, хавф-хатарлари ва прогнозлари ёритилган.

Ҳисобот хулосаларига кўра, Европа ва Марказий Осиё минтақасида (ЕМО) 2022 йилда ўсиш кескин пасайиб, 1,2 фоизни ташкил этган, бу дунёнинг олтита шаклланаётган бозори ва ривожланаётган иқтисодиёти (EMDE) минтақалари ичида энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Ҳатто Россия ва Украинани ҳисобга олмаганда ҳам 2022 йилда EMO минтақасида ўсиш 4,8 фоизгача пасайган.

Секинлашув деярли умумий ҳолат бўлиб, минтақанинг аксарият иқтисодиётларида кузатилди ва Россиянинг Украинага бостириб кириши, бизнес ҳамда истеъмолчилар ишончининг пасайиши, инфляциянинг ўсиши, давлат регуляторлари томонидан пул-кредит сиёсатининг сезиларли қаттиқлашуви ва энергия таъминотидаги узилишлар натижасида юзага келган тартибсизликларни акс эттирди.

Шарқий Европада ишлаб чиқариш 20,2 фоизга камайди, асосан, Украинада. Бироқ, пасайиш минтақанинг қолган қисмида ҳам кузатилди. Европа Иттифоқининг глобал ишлаб чиқариш-таъминот занжирларига кучлироқ интеграциялашган Марказий Европа ва Ғарбий Болқон мамлакатларида энергия нархларининг ошиши, энергия таъминотидаги узилишлар ва пул-кредит сиёсатининг қаттиқлашуви натижасида ўсиш секинлашди.

Бундан фарқли ўлароқ, Туркия ва Жанубий Кавказ мамлакатларида ўсиш Марказий Осиёда бўлгани каби савдо оқимининг ортиши, шунингдек, Россия ва Украинадан мигрантлар ва молия оқимининг ошиши ҳисобига тезлашди. Жаҳон бозорида хом ашё нархларининг ўсиши Россиядан бошқа хом ашё экспорт қилувчи мамлакатларда иқтисодий фаолликнинг пасайишини юмшатди.

ЕМО минтақасида, айниқса Туркияда, инфляция юқори даражада давом этмоқда. Номинал иш ҳақининг ўсиши умумий маънода нархлар ўсишидан орқада қолган бир вақтда, Шарқий Европада реал иш ҳақи 2022 йилнинг биринчи ярмида 3,3 фоизга камайди. Бироқ, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатлари бу қоидадан истисно ҳисобланади.

Йиллик инфляциянинг сўнгги пайтларда бир қатор ЕМО мамлакатларида кузатилган секинлашуви белгиларини юқори база таъсири, шунингдек, ўтган йилги юқори кўрсаткичларга нисбатан энергия нархининг пастлиги билан боғлаш мумкин. Бироқ, базавий инфляция даражаси юқорилигича қолмоқда. Таргетдан юқори инфляция даражасини пасайтириш учун минтақадаги 17 та марказий банк 2022 йилда асосий ставкаларни оширди, 6 та марказий банк эса 2023 йилнинг ўтган ойларида асосий ставкани қайта кўтарди.

жаҳон банки, жаҳон иқтисодиётининг ўсиш истиқболлари, прогноз

Прогноз

Прогнозларга кўра, 2023 йилда ЕМО минтақасида иқтисодий ўсиш сурати озгина тезлашиб, 1,4 фоизгача етади. Бироқ, Россиянинг Украинага бостириб кириши ва унинг оқибатлари туфайли ўсиш истиқболлари жуда ноаниқлигича қолмоқда. Россия ва Украинани ҳисобга олмаганда, 2023 йилда ЕМО минтақасида кутилаётган ўсиш суръати 2,4 фоизни ташкил қилади, яъни деярли 2 баробарга кам. Умуман олганда, минтақа бўйича январь ойи прогнозининг 1,3 фоиз пунктига ўсиши, асосан, Россия учун прогноз ўсиш томонга қайта кўриб чиқилганлиги билан боғлиқ.

Тожикистон ва Ўзбекистон 2023 йилда ЕМО минтақасидаги 23 та иқтисодиёт орасида ЯИМнинг энг юқори ўсишини кўрсатиши кутилмоқда — мос равишда 6,5 фоиз ва 5,1 фоиз. Улардан кейинги ўринларда бу йил 4,4 фоизлик ўсиш билан Арманистон ва Грузия бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки январь ойидаги ҳисоботида Ўзбекистон ЯИМи жорий йилда 4,9 фоизга ўсишини прогноз қилган эди.

Янги ҳисоботда Ўзбекистоннинг 2024 ва 2025 йиллардаги иқтисодий ўсиши прогнози мос равишда 5,4 фоиз (прогноз 0,3 фоиз пунктга яхшиланган) ва 5,8 фоизни ташкил этади.

2024−2025 йилларда минтақада йиллик ўсиш суръатлари 2,7 фоизга кўтарилиши кутилмоқда, бунга эса сўнгги иқтисодий шокларнинг таъсири аста-секин юмшаши фонида кучли ташқи ва ички талаб қўллаб-қувватланиши, шунингдек, инфляция ва фискал сиёсатнинг нормаллашиши таъсир ўтказади. Россиядан мигрантлар ва капитал оқимининг камайиши ва Европа Иттифоқида иқтисодий фаоллик кучайиши билан минтақа бўйлаб ўсиш тафовутлари қисқариши керак.

COVID-19 пандемияси ва Россиянинг Украинага бостириб кириши берган икки томонлама зарба ЕМО минтақасидаги иқтисодий ўсишга сезиларли таъсир кўрсатди, бу эса кейинги уч йил ичида кредитлашнинг қаттиқроқ шартлари ва кўплаб мамлакатларда босқичма-босқич консолидация сабабли иқтисодий ўсиш потенциалдан паст даражада бўлиши кутилмоқда.

Рисклар

Минтақавий прогноз учун рисклар Украинада янада интенсив ёки давомли можаро, инфляциянинг тезлашиши ва давлатлар регуляторлари томонидан пул-кредит сиёсатининг янада қаттиқлаштирилиши ва молия секторидаги тартибсизлик эҳтимоли сабаб салбий томонга силжиган.

Евроҳудудда иқтисодий фаолликнинг кескин (прогнозга нисбатан) секинлашиши ҳам Марказий Европа ва Ғарбий Болқон мамлакатлари учун ташқи талабнинг янада заифлашишига олиб келади.

Бундан ташқари, жорий йилда Россиядаги меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ҳажми, айниқса, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатларида кутилганидан секинроқ ўсиши мумкин.

Украинадаги можаронинг кучайиши энергия хавфсизлиги соҳасида хавфни ошириши мумкин, чунки ЕМО минтақасидаги давлатлар таъминот узилишлари ва Россияга қарамлик шароитига боғлиқлигича қолмоқда.

Салбий томонга ўзгараётган рисклар, шунингдек, ЕМО минтақасининг бошқа қисмларида ортиб бораётган геосиёсий тангликни ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ ноқулай об-ҳаво ҳодисалари содир бўлган тақдирда бошқа ҳудудларга кўчишнинг кучайишини ўз ичига олади.