Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида жорий йилнинг 9 ойида эришилган иқтисодий натижалар, йил якунигача кутилаётган кўрсаткичлар ва 2024 йилга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозлар муҳокама қилинди.

Йиғилишда жорий йилнинг 9 ойида мамлакат иқтисодиёти 5,8 фоизга ўсгани қайд этилди. Жумладан, саноат 5,7 фоиз, қишлоқ хўжалиги 4,1 фоиз, хизматлар 12,1 фоизга ошган.

Экспорт 23,5 фоизга ошиб, 17,7 млрд долларни ташкил қилди. Иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудларда йирик саноат ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётгани ҳисобига, 226,6 трлн сўм инвестициялар ўзлаштирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,8 фоизга кўпайди.

Йил якунлари бўйича ЯИМ ўсиши 5,6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Давлат раҳбари дунёдаги оғир вазият иқтисодиётга салбий таъсир этаётгани ва номаълумлигича қолаётгани, шу боис барқарор иқтисодий ўсишни изчил давом эттириш учун ички имкониятларни кўпроқ ишга солиш зарурлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев ҳукуматга сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон — 2030» стратегиядаги 2024 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурни мазкур стратегиядаги вазифаларни бажариш нуқтаи назаридан пухта ишлаб чиқишни топширди.

Бунда ялпи ички маҳсулотнинг ҳозирги ўсиш суръатини келгуси йилда ҳам давом эттириш учун барча имконият ва захиралар борлиги кўрсатиб ўтилди. Давлат раҳбари транспорт, сув хўжалиги, коммунал каби соҳаларда бошланган ислоҳотларни фаоллаштириш, бунда аҳоли ва бизнесни қўллаб-қуватлашга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади.