Жаҳон банки Ўзбекистоннинг 2023 йилги иқтисодий ўсишини 5,5 фоизга баҳолади. Яқин икки йил учун мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми бўйича ҳам шундай прогноз берилди. Бу ҳақда ҳар чоракда чоп этиладиган «Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари» ҳисоботининг сўнгги сонида сўз боради.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил бошида Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсишини 4,9 фоиз даражасида прогноз қилган бўлса, июнь ойида кўрсаткични 5,1 фоизга, октябрь ойида эса 5,5 фоизга яхшилаган эди.

Европа ва Марказий Осиёдаги иқтисодий вазиятга баҳо

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Европа ва Марказий Осиёда (ЕМО) иқтисодий ўсиш 2022 йилдаги 1,2 фоиздан 2023 йилда 2,7 фоизгача ошган. Ўсишнинг бундай тезлашишига ички талабнинг кенгайиши (бюджетни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чоралари туфайли), меҳнат бозоридаги барқарор вазият ҳамда Россия ва Украинадаги янгиланган ўсиш сабаб бўлди.

Бироқ, агар биз ушбу давлатлар ва Туркияни ҳисобга олмасак, 2023 йилда ЕМО минтақасида иқтисодий ўсиш 1,8 фоиз даражасида сезиларли секинлашган. Секинлашиш минтақанинг барча ҳудудлари бўйлаб тарқалган ва умумий иқтисодиётнинг 78 фоизига таъсир кўрсатган.

жаҳон банки, иқтисодий ўсиш

Евроҳудуддаги заиф ташқи талабнинг таъсири, айниқса, Марказий Европа (субминтақалар орасида энг заиф ўсиш — 0,7 фоиз) ва Ғарбий Болқонда сезиларли бўлди.

Иқтисодий ўсиш Жанубий Кавказда ҳам секинлашди, лекин Марказий Осиёда тезлашди. Пул ўтказмалари оқими Арманистон, Қирғизистон ва Тожикистонда талабни сақлаб қолишда муҳим роль ўйнади.

Шарқий Европада иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ижобий қийматларга қайтди. Шундай қилиб, Украинада ўсиш суръати 4,8 фоизни ташкил этди. Ушбу ижобий тенденцияга қарамай, Украинанинг 2023 йилдаги ишлаб чиқариш ҳажми Россиянинг мамлакатга бостириб киришидан олдинги даражадан 30 фоиз пастроқ кўрсаткичда қолди.

Энергия ва озиқ-овқат нархлари босими пасайгани сабабли минтақадаги инфляция секинлашди, лекин ҳали ҳам аксарият мамлакатларда мақсадли кўрсаткичдан юқорилигича қолмоқда.

«Суст иқтисодий фаоллик ва инфляциянинг секинлашуви фонида кўплаб мамлакатларда асосий ставкалар максимал даражага етди, бу эса айрим марказий банкларнинг ставкаларни пасайтиришни бошлашига туртки бўлди», — дея қайд этди Жаҳон банки ва Туркия ҳамда Россия пул-кредит сиёсатида кескинлашув циклини бошлаганини қўшимча қилди.

Прогноз

ЕМО минтақасида иқтисодий ўсиш 2024 йилда 2,4 фоизгача пасайиши, 2025 йилда эса 2,7 фоизгача ўсиши кутилмоқда. Ушбу ўсишнинг асосий омиллари инфляция босимини юмшатиш билан қўллаб-қувватланадиган хусусий истеъмол, шунингдек, евро ҳудуди иқтисодиётининг босқичма-босқич тикланиши билан рағбатлантирилган экспорт ҳисобланади.

«Бироқ Россиянинг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ ноаниқлик минтақа истиқболларини белгилашда муҳим роль ўйнайди. Бу икки давлатни ҳисобга олмаса, минтақадаги ўсиш суръатлари жорий йилда 3,1 фоизга, 2025 йилда эса 3,7 фоизгача тезлашиши кутилмоқда», — дея таъкидланади Жаҳон банки прогнозида.

Аксарият ЕМО мамлакатлари инфляциянинг прогноз қилинаётган пасайиши шароитида пул-кредит сиёсатини юмшатишда давом этиши мумкин. Бироқ, банк таҳлилчиларининг таъкидлашича, кутилаётган бюджет консолидацияси бу истиқболларни ёпиб кетади.

Пандемиянинг давом этаётган оқибатлари ва Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли минтақадаги ўсиш пандемиядан олдинги тенденциялардан паст бўлиши кутилмоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, ЕМО минтақасида аҳоли жон бошига даромад даражасининг яқинлашув суръати секин даражада қолиши кутилмоқда, шу сабабли аҳоли жон бошига ўртача даромад даражаси 2025 йилда Европа Иттифоқи кўрсаткичининг атиги 24 фоизини ташкил этади.

Хатарлар

«Минтақа прогнозида хавф баланси ҳали ҳам паст даражадаги ўсиш суръатларига боғлиқ. Яқин Шарқдаги можаронинг кучайиши энергия нархининг ошишига, молиялаштириш шартларининг кескинлашишига олиб келиши ва ишонч даражасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — дея таъкидлади таҳлилчилар.

«Минтақадаги геосиёсий хатарлар, жумладан, Россия Федерациясининг Украинага бостириб кириши оқибатида юзага келган можаронинг кучайиш хавфи юқори ҳисобланади ва содир бўлиши ҳам мумкин, бу эса шундоқ ҳам катта бўлган инсон ресурслари ва иқтисодий йўқотишларни янада кучайтиради», — дея огоҳлантирди Жаҳон банки.

«Кутилганидан юқори инфляция шароитида пул-кредит сиёсати узоқ вақт давомида қаттиқроқ кўринишда қолиши мумкин. Минтақанинг асосий савдо шериги бўлган евроҳудудда иқтисодий тикланишнинг кутилганидан секинроқ кечиши минтақадаги фаолликка ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — дейилади хабарда.

«Бундан ташқари, Хитойда иқтисодий ўсиш суръатларининг сезиларли даражада пасайиши ёки Россиядан пул ўтказмалари ҳажмининг кутилганидан кескинроқ қисқариши Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари учун ноқулай ташқи омиллар сифатида хизмат қилиши мумкин», — дея хулоса қилди Жаҳон банки.