Ўзгидромет агентлиги матбуот хизмати 15−19 январь кунлари кутилаётган об-ҳаво маълумотларини эълон қилди.

Душанба куни Ўзбекистон ҳудудига нам ва нисбатан совуқ ҳаво массалари кириб келди, республика бўйича баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, тоғли ҳудудларда қор ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. Фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади.

Чўл ҳудудларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кундузи -3 даража совуқ…+2 даража илиқни, шимолда −3…−8 даража совуқни ташкил этади.

Сешанба куни республиканинг фақат марказий, шарқий ва тоғли ҳудудларида ёмғир ва қор кўринишидаги бироз ёғингарчилик бўлиши сақланиб туради. Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади. Кўпчилик ҳудудларда ҳаво ҳарорати кечаси 0…-5 даража совуққача пасаяди, кундузи +2…+7 даража илиқни ташкил этади, шимолда кечаси −8…−13 даража совуқ, кундузи 0…-5 даража совуқ бўлади.

15−16 январь кунлари Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор. Ўзбекистон бўйича иш ҳафтасининг охиригача қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, ҳаво ҳарорати кечалари -3 даража совуқ…+2 даража илиқни ташкил этади, кундуз кунлари +8…+13 даража илиққача аста-секин кўтарилиши кутилмоқда.

Пойтахтда 15 январь куни вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Шамол ғарбдан 3−8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат -1 даража совуқ…+1 даража илиқ бўлади.

16 январда вақти-вақти билан бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши кутилмоқда. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Ҳарорат кечаси −1…−3 даража совуқ, кундузи +2…+4 даража илиқ бўлади.

17−18 январь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 17 январда кечаси −1…−3 даража совуқ, кундузи +6…+8 даража илиқ, 18 январда кечаси -1 даража совуқ…+1 даража илиқ, кундузи +8…+10 даража илиқ бўлади.