АҚШ президенти Жо Байден 2024 йилги сайловолди ташвиқотидаги биринчи нутқида бўлажак президентлик сайловидаги эҳтимолий рақиби Дональд Трампни Америка демократиясига асосий таҳдид деб атади.

Байденнинг, Америка ОАВ таърифи бўйича, кескин нутқи Капитолийга қилинган ҳужумнинг уч йиллиги арафасида бўлиб ўтди. Трамп бу ишларга алоқадорликда айбланади.

«Бугун биз энг муҳим саволларга жавоб бериш учун шу ердамиз. Демократия Американинг муқаддас миссияси бўлишда давом этадими — бу замонамизнинг энг долзарб саволи. 2024 йилги сайловнинг асосий вазифаси бунга жавоб топишдир», — деди Байден ўзининг ҳиссиётларга бой нутқида.

«Америка, биз сайлов йилига қадам қўймоқдамиз ва аниқ тушунишимиз керак: сайлов бюллетенида демократия хавф остида турибди», — дея қўшимча қилди АҚШ раҳбари.

Байден Трампни Америка бошқарувига путур етказиш, жумладан, 2020 йилги сайлов натижаларини бекор қилишга уринишда айблади. Шунингдек, АҚШ раҳбари Трамп сайланган тақдирда сиёсий рақибларидан «қасос олишни» ваъда қилгани ҳамда авторитар раҳбарлар ва диктаторларга ҳавас қилишини таъкидлади.

«Дональд Трампнинг сайловолди кампанияси унинг ўзи ҳақида. Америка ёки сиз ҳақингизда эмас. У келажак ҳақида эмас, ўтмиш ҳақида қайғуради. У ҳокимиятга эришиш учун демократиямизни қурбон қилишга тайёр», — деди Байден.

У ўз нутқида, шунингдек, 2021 йил 6 январда содир бўлган Капитолийга ҳужум ҳақида гапириб, Трампни сайловда фирибгарлик юз бергани ҳақидаги ёлғон даъволари билан оломон ҳужумига сабаб бўлганликда бевосита айблади. Байденнинг таъкидлашича, Трамп «6 январь фактларини қайта ёзишга» ҳаракат қилмоқда, аммо «биз ҳаммасини ўз кўзимиз билан кўрганмиз».

«Трампнинг оломони тинч намойиш учун эмас, балки зўравонлик қилиш учун йиғилганди, — деди Байден. — Улар ватанпарвар эмас, исёнчилар эди. Улар Капитолийга Конституцияни ҳимоя қилиш учун эмас, балки уни бузиш учун йиғилганди».

«Ҳаммамиз Дональд Трампнинг кимлигини биламиз. Биз жавоб беришимиз керак бўлган савол: биз киммиз? Асосий масала шу… Тарихимизда бошдан кечирган барча воқеалардан сўнг — мустақилликдан тортиб, фуқаролар урушигача, иккита жаҳон урушидан пандемия ва қўзғолонларгача — 2024 йилда америкаликлар бизни дунёдаги энг буюк миллат қилиб турган нарса — озодликдан воз кечиб кетишга қарор қилишига ишонмайман», — дея Байден нутқини якунлади.

Ўша куни Айова штатида ўз тарафдорлари билан учрашган Трамп Байденнинг нутқини «таъсирли, қўрқув уйғотувчи тарғибот тадбири» деб атади ва амалдаги президентни ҳеч қандай далил келтирмасдан, ҳуқуқ-тартибот тизимидан рақибларига ҳужум қилиш учун фойдаланишда айблади, деб ёзди The New York Times.

«Улар ҳукуматни қуроллантирди, у [Байден] эса мени демократияга таҳдид деб атамоқда», — деди Трамп.