29 декабрь куни Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консуллиги дипломатлари кўмагида ушбу шаҳарда номаълум жиноий тўда томонидан гаровда ушлаб турилган ўзбекистонлик эркак қутқарилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Жабрланувчининг яқин қариндошлари орқали йўлланган мурожаатга кўра, фуқаро Ж.Т. бир гуруҳ шахслар томонидан Дубай шаҳридаги номаълум манзилда мажбурий тарзда ушлаб турилган.

Ундан жами 200 минг доллар пул талаб қилинган. Ушбу маблағлар айтилган вақтда ва манзилга келтирилмаган тақдирда Ж.Т.нинг жонига қасд қилиш билан қўрқитиб келинган.

Бош консулхона ходимлари ва Бирлашган Араб Амирликларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари билан биргаликда амалга оширилган тадбир натижасида Ж.Т. ушлаб турилган манзил аниқланган ва озодликка чиқарилган.

Ҳозирги кунда ушбу жиноий гуруҳ аъзоларининг аксарияти БАА ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан ушланган ва уларга нисбатан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.