Ўзбекистон Россиядан 300 миллион куб метрга яқин газ импорт қилган. Бу ҳақда Самарқандда ўтган Верона Евроосиё иқтисодий форумида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди, деб ёзмоқда Spot.

Ўзбекистон 7 октябрдан куз-қиш мавсумида республикадаги «мовий ёқилғи» тақчиллигининг бир қисмини қоплаш учун Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга газ етказишни бошлади. Газ сотиб олиш бўйича шартнома икки йилга тузилган бўлиб, харид ҳажми кунига 9 миллион куб метрни ташкил этади — йилига тахминан 2,8 миллиард кубометр.

Аммо, кўриниб турганидек, етказиб бериш тез суръатлар билан давом этмоқда — тасдиқланган етказиб бериш ҳажми бўйича (кунига 9 миллион кубометр) 300 миллион кубометр газни етказиш учун 33 кун (ёки 10 ноябрь) талаб этиларди.

Энергетика вазирлиги раҳбари яна Россия ва Туркманистондан импорт қилинган газ нархини конфиденциалликка таянган ҳолда ошкор қилмади, шунингдек, мамлакатнинг жорий ва келгуси йил учун Хитойга газ экспорти ҳажми бўйича прогнозларини ҳам маълум қилмади.

Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг билдиришича, жорий йилда Ўзбекистон 1 миллион тонна нефть ва нефть маҳсулотлари импорт қилган, бу 2022 йилга нисбатан бироз кўп. Келгусида мамлакат ўсиб бораётган иқтисодиёт эҳтиёжларини қондириш учун нефть импортини оширишни режалаштирмоқда.

«Ҳа, биз буни яқинда [Россияга] ташрифимиз доирасида имзолаганмиз. Ҳажмлар йўқ, энг муҳим тамойил — етказиб бериш масаласи. Асосийси, етказиб беришда ҳеч қандай чекловлар йўқ», — дея изоҳ берди у Россия билан нефть етказиб бериш бўйича ҳукуматлараро шартнома имзоланишига.

Эслатиб ўтамиз, январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон қиймат жиҳатидан экспортга нисбатан кўпроқ газ импорт қилган (411,7 миллион доллар ва 487,9 миллион доллар). Биргина сентябрь ойида Туркманистондан 286,1 миллион долларлик газ етказиб берилди, бу аввалги саккиз ойга нисбатан 40 фоизга кўпдир.