Ўзбекистонда 2023 йилнинг 11 ойида газ қазиб олиш ҳажми 42,75 млрд куб метрни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоизга ёки 4,56 млрд куб метрга камайди, «Газета.uz» бу бўйича Статистика агентлигининг саноат ишлаб чиқариши тўғрисидаги ҳисоботини ўрганди.

2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида ойига ўртача 4,3 млрд куб метр газ қазиб олинган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 3,89 млрд куб метрни ташкил этган.

Ноябрь ойида ишлаб чиқариш 3,79 млрд куб метргача пасайди — бу аввалги ойдаги билан деярли бир хил, лекин 2022 йил ноябрь ойига (4,3 млрд) нисбатан 10,2 фоиз ёки 433,8 млн куб метрга кам.

Расмийлар маҳаллий қазиб олиш тақчиллигини Туркманистон ва Россиядан газ импорт қилиш ҳисобига қопламоқда, бу эса Ўзбекистонни газнинг соф импортёрига айлантиради.

11 ой давомида электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,5 фоизга ёки 2,98 млрд кВт/соатга ошган — 66,67 млрд кВт/соатдан 69,66 млрд квт/соатга етган. Ноябрь ойида 6,63 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди, бу ўтган йилнинг шу ойидаги кўрсаткичдан 1,4 фоизга кам.

Эслатиб ўтамиз, ишлаб чиқарилган электр энергиясининг тахминан 80−85 фоизи газда ишлайдиган иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келади.

бензин, газ, кўмир, нефть, статистика агентлиги

Январь-август ойларида кўмир қазиб олиш йилнинг биринчи ярмидаги кескин пасайишдан сўнг ўтган йилги кўрсаткичлардан ошди. Қазиб олиш ҳажми 3,77 млн тоннага етди (+10,4 фоиз), шу жумладан, август ойида — сўнгги йилларда рекорд даражада ҳисобланадиган 673,7 минг тонна бўлди, бу 2022 йилнинг август ойига нисбатан 40,2 фоизга кўп.

11 ой давомида кўмир қазиб олиш 5,73 млн тоннага ошди (+19,1 фоиз), аммо олдинги чоракларда қазиб олиш тез кўпайганидан сўнг сентябрь ойидан (685 минг тонна) пасайиш бошланди. Октябрь ойида 657 минг тонна, ноябрда 614 минг тонна кўмир қазиб олинди. Бироқ, шунга ҳам қарамай, бу ўтган йилнинг ойлик кўрсаткичларидан (484 ва 432 минг тонна) анча кўп.

Нефть қазиб олиш 721,3 дан 709,3 минг тоннага камайди (-1,7 фоиз ёки 12 минг тонна). Ишлаб чиқариш кетма-кет тўртинчи ой пасайди — июлдаги 64,7 минг тоннадан ноябрдаги 60,9 минг тоннагача. Бу охирги икки йилдаги минимал кўрсаткич ҳисобланади. Таққослаш учун: 2022 йил ноябрь ойида нефть қазиб олиш ҳажми 65 минг тоннани ташкил этган.

Бу даврда 1,21 млн тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилди, бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 8,7 фоизга ёки 97,4 минг тоннага кўп ҳисобланади. Май ойида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида олиб борилган таъмирлаш ишлари туфайли ишлаб чиқариш кескин пасайганидан сўнг июнь ойида 2 баробардан кўпроқ ёнилғи ишлаб чиқарилди — 100,1 минг тонна. Кўрсаткич июлда 133,2 минг тонна, августда 108 минг тонна, сентябрда 113,8 минг тонна, октябрда эса 100,3 минг тоннани ташкил этди.

Ноябрь ойида 109,3 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилнинг ноябрь ойига нисбатан бироз кам ҳисобланади.

Саккиз ой давомида иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш 9,1 фоизга — 23,3 млн Гкалдан 21,2 млн Гкалга, газ конденсатида эса 1,17 млн тоннадан 1,09 млн тоннага (-7 фоиз) камайди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, энергетика соҳасидаги муаммоларга қарамай, саноат ишлаб чиқаришини 6 фоизга оширишга эришилган.

«Газета.uz» аввалроқ табиий газ учун солиқ ставкаларининг 3 баробар, нефть ва газ конденсати учун 2 баробар камайиши ҳисобига Ўзбекистон давлат бюджетига 2022 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 538,1 млрд сўмга камроқ тушгани ҳақида ёзганди. Шу билан бирга, ўтган йили газ қазиб олиш 4 фоизга, газ конденсати бўйича кўрсаткич эса 2,8 фоизга камайди. Нефть қазиб олиш атиги 1,8 фоизга ошди.

Аввалроқ Ўзбекистон нефть ва газ конларида қайси компаниялар фаолият юритаётгани ҳақида батафсил маълумот бергандик.