Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов журналист Азиза Қурбонованинг «Ўзи нима гап» лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистонда газ таъминоти билан боғлиқ вазият, шунингдек, газ қуйиш шохобчалари фаолиятига қўйилган чекловлар ҳақида фикр билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Энергетика вазирлиги метан газ қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклашга мажбур, чунки улар аҳоли ва саноат объектларига газ етказиб бериладиган газ қувурларига бевосита уланган.

«Эътибор берган бўлсангиз, биз уларнинг иш вақтини чегараладик, яъни уларни ёпмадик. Чунки метан «заправка»лар ишламай турган вақтда қувурларда газ йиғилиб, етарли босим қилиб биз аҳоли хонадонларига газ истеъмоли энг юқори бўлган эрталаб ва кечқурун етказиб бердик», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, ой бошидан ҳудудларда метан ёқилғи қуйиш шохобчаларининг иш вақтига чекловлар жорий этила бошланди. Уларнинг фаолияти кунига 6 соатгача (6:00—12:00) чекланди. 13 декабрь куни олтита ҳудуддаги 1179 та газ тўлдириш шохобчаларидан 632 таси фаолияти тўхтатилди (бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» ва Энергетика вазирлиги хабар қилган). Яъни, фақат 547 та ёқилғи қуйиш шохобчалари ишлаган.

Вазир, шунингдек, ўтган йили ер ости газ омборларидан кунига максимал 28 миллион куб метр газ олингани, жорий йилда эса бу кўрсаткични 33−34 миллион куб метрга етказиш имконияти борлигини айтди.

«Бизнинг хатомиз шундаки, ҳисоб-китобларда аҳоли истеъмоли белгиланган, режалаштирилган ҳажмдан юқори бўлиб чиқди», — деди у.

Шу билан бирга, у сентябрь ойида «Газета.uz»га берган интервьюсида ўтган йили кунига 18 миллион кубометр олингани, «Газли» газ омбори сиғими кенгайтирилгач, камида 30 миллион кубометр газ олиш имконияти пайдо бўлишини маълум қилган эди.

Жўрабек Мирзамаҳмудов ноябрь ойида депутатлар олдида сўзлаган нутқида, шунингдек, ўтган йили ер ости газ омборидан максимал 18 миллион куб метр газ олингани ва «бугунги кунда янги ўрнатиш, компрессор станцияси ҳисобига 40 миллион куб метргача газ қазиб олиши мумкин»лигини айтганди.

Ноябрь ойида Ўзбекистон президенти билан учрашувдан сўнг «Ўзтрансгаз», «Ҳудудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти, «Ўзенергоинспекция» ва бошқа корхоналар раҳбарлари қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисоботларни тақдим этган эди. Уларнинг сўзларига кўра, энергия тизими «ҳар қандай инжиқ об-ҳаво ва аномал совуққа тайёр».

Хусусан, «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти раиси Асқар Исоқов ерости газ омборлари «100 фоиздан ортиқ» тўлдирилганини таъкидлади. «Ўтган йили бу вақтда аномал совуқ бўлган, газ тақчиллиги ва тизимда муаммолар юзага келган эди. Бу йил ҳар қандай аномал совуқ об-ҳаво бўлса ҳам, биз бу ҳолатга тўлиқ тайёрмиз. Омборларимизда захираларимиз мавжуд. Биз аҳолини [газ билан] узлуксиз таъминланишини таъминлашга қодирмиз», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги «Газли» ва «Хўжаобод» газ омборларининг умумий қуввати 3,9 млрд кубометрни ташкил этади.