Ўзбекистоннинг «Газли» ва «Хўжаобод» ерости газ омборлари 6 ноябрь ҳолатига кўра 98 фоизга тўлган. Бу ҳақда «Ўзтрансгаз» матбуот хизмати раҳбари Шахноза Равшанова «Газета.uz»га маълум қилди.

Жумладан, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида режалаштирилган 3,5 млрд кубометр газдан 3,445 млрд кубометри ҳайдалган. Бу ўтган йилги газ қолдиқлари ҳисобга олинмаганда. Қайд этиш жоизки, «Хўжаобод» газ омборининг қуввати 900 млн, «Газли» газ омборининг қуввати эса 3 млрд кубометрни ташкил этади.

Унинг сўзларига кўра, фаол газ сақлаш ҳажмини ошириш лойиҳаси доирасида «Хўжаобод» ер ости газ омборида 5 та қудуқ қазилган.

Шахноза Равшанова об-ҳаво шароити қулай бўлгани учун ҳали газ олиш бошланмагани, омборга газ ҳайдаш эса давом этаётганини маълум қилди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 11 сентябрь куни «Газета.uz»га берган интервьюсида ўтган йилги қолдиқларни ҳисобга олганда, ўша пайтга қадар «Газли» ва «Хўжаобод» газ омборларида 3 млрд куб метрга яқин газ тўпланганини билдирганди.

Энергетика вазирлиги раҳбари ўшанда 3,2 млрд кубометр газни ҳайдаш режалаштирилганини таъкидлаганди. У йил охиригача «Газли» қувватини 4,5 млрд кубометрга, келажакда эса 10 млрд кубометргача кенгайтириш режалаштирилганини қўшимча қилганди.

«Биринчи вазифа — газ ҳайдаш. Иккинчиси — олиш. Агарда ўтган йили кунига кўпи билан суткасига 18 млн кубометр, бир кунда, менимча, ҳатто 20 млн кубометр олган бўлсак, бу йил камида 30 млн кубометр олишимиз мумкин. Яъни, иккита газ насос агрегати ўрнатиш ҳисобига кунлик ресурсга 10 млн қўшилмоқда», — деган эди у.

«Ўзбекнефтгаз» ва Россиянинг «Форус» компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган Gazli Gas Storage қўшма корхонаси 2025 йилгача «Газли» ерости газ омбори қувватини икки баробарга оширишни режалаштирмоқда. «Газета.uz» эса «Ўзбекистонда нефть ва газ саноатининг ҳолати тўғрисида»ги маъруза муаллифлари айрим саволларни ўртага ташлаганини хабар қилганди.