22 декабрь куни Тошкент вилояти суди 2019 йилда Қибрайда 13 ёшли қизни зўрлаганликда айбланиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилган шахснинг апелляция шикоятини кўриб чиқди. Бу ҳақда зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳасига Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг апрель ойида Nemolchi.uz лойиҳаси 2019 йилда қўшниси томонидан зўрланганини айтган қизнинг ҳикоясини эълон қилганди. Жабрланувчининг оиласи ҳуқуқ-тартибот идораларига бир неча бор ариза билан мурожаат қилган, бироқ жиноят иши жорий йилнинг 4 апрелидагина очилган.

Иш август ойида судга борган. 18 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ тумани суди Миллий гвардия собиқ ходими Ш. Ш.ни (1993 йилда туғилган) қизни зўрлашда айбдор деб топиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Эркак 8 ноябрь куни биринчи инстанция судининг ҳукмини қайта кўриб чиқиш учун юқори судга апелляция аризаси билан мурожаат қилган. Тошкент вилояти судининг апелляция инстанцияси Ш. Ш.га нисбатан ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.