Баҳорда «Газета.uz» 2019 йилда Қибрай туманида 13 ёшли қизнинг қўшниси томонидан зўрлангани ҳақида Nemolchi.uz лойиҳасининг мақоласини эълон қилганди. Жиноят содир этилган вақтда 27 ёшли Шарипов Ш. оддий фуқаро бўлган, кейинчалик у Миллий гвардиянинг «Қўриқлаш» бошқармасида оддий аскар бўлиб ишга кирган.

Август ойи бошида иш судга ошгани хабар қилинганди. Олий суд матбуот хизмати хабар қилишича, эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилган.

Қайд этилишича, 2023 йил 18 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судида Ш. Ш. (1993 йилда Тошкент вилоятида туғилган, Қибрай тумани Қўриқлаш бўлими сафдор-ходими, жиноят содир этилган пайтда ишсиз бўлган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судининг судьяси Ж. Хожаев раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ Ш. Ш. Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисмида (Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинган.

Воқеанинг тўлиқ тафсилоти билан апрель ойида эълон қилинган мақолада танишишингиз мумкин.