Баҳорда «Газета.uz» 2019 йилда Қибрай туманида 13 ёшли қизнинг қўшниси томонидан зўрлангани ҳақида Nemolchi.uz лойиҳасининг мақоласини эълон қилганди. Жиноят содир этилган вақтда 27 ёшли Шарипов Ш. оддий фуқаро бўлган, кейинчалик у Миллий гвардиянинг «Қўриқлаш» бошқармасида оддий аскар бўлиб ишга кирган.

АҚШда яшовчи қизнинг оиласи (зўрлаш ёзда қиз Тошкент вилоятидаги бувисининг олдига келганда содир бўлган) ишни судга етказиш учун кўп куч сарфлаб, кўплаб тўсиқларга, давлат идораларининг лоқайдлигига ва ҳатто гумондор томонидан таҳдидларга ҳам дуч келган.

«Икки йил давомида иш судгача етиб бормаган. Жиноят иши даъво муддати ўтиб кетгани ва далиллар йўқлиги важи билан ёпиларди. Иш Қибрай туман прокуратураси, Ҳарбий прокуратура, Бош прокуратурага оширилди. Сенаторлар ва Болалар омбудсманига ҳам мурожаат қилганмиз. Ҳаммаси беҳуда», — деди қизнинг ота-онаси Немолчи.уз лойиҳасига.

Nemolchi.uz`да эълон қилинганидан сўнг Ўзбекистондаги барча интернет нашрлари ушбу жиноят ҳақида ёзишди. Шундан кейингина жиноий иши қайта қўзғатилди. Иш ниҳоят судгача оширилгани маълум бўлди.

«Иш ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчи, Тошкент вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятлар бўйича бўлим бошлиғи Қосимов Азаматга топширилди. У ва унинг қўл остидаги ходимлар энг қисқа вақт ичида катта ишни амалга оширди, терговчи доимо биз билан алоқада бўлди, жиноятчининг айбини исботлаш учун барча гувоҳларни чақирди ва терговга ёрдам бериши мумкин бўлган барчасини қилди», — деди қизнинг ота-онаси.

«29 июль куни тергов ҳаракатлари якунланиб, дастлабки суд мажлислари ўтказилди ва иш яқин кунларда бўладиган судда қолди. Одил судловдан умид қиламизки, вақт йўқотилганига қарамай, жиноятчи жазоланади, токи келажакда бундай жиноятлар такрорланмаслиги ва сукут, қўрқитиш ва ёлланма адвокатларнинг кўплиги ниқоби остида зўравонлик жазосиз қолмайди», — дея қайд этди улар.

Воқеанинг тўлиқ тафсилоти билан апрель ойида эълон қилинган мақолада танишишингиз мумкин.