Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон Туркманистондан газ импорт қилиш билан параллель равишда октябрь ойида Россиядан ҳам Қозоғистон орқали газ олишни бошлаганига яна бир бор изоҳ берди. У журналист Азиза Қурбонованинг YouTube`даги «Ўзи нима гап?» лойиҳасига берган интервьюсида бундай тўхтамга келиш газга талабнинг ортгани билан боғлиқ эканини таъкидлади.

«Асосий сабаб — ортиб бораётган талаб, ўсиб бораётган истеъмол. [Газнинг] асосий қисмини қўшни биродар Туркманистондан олаётган бўлсак, бизда газга қўшимча талаб бўлгани сабабли барча ресурсларни таҳлил қилдик, музокаралар олиб бордик. Ҳозирги кунда Россияда газ ҳажмлари, кафолатли тарзда қўшимча газ етказиб бериш имконияти мавжуд», — деди вазир.

У, шунингдек, Россиядан газ олиб келиш учун тайёр инфраструктура бўлганини қайд этди.

«Олдинлари Марказий Осиёдан Россия ва бошқа давлатларга мавжуд газ қувурлари орқали юборилган бўлса, ўша қувурларни қайта (тескари) йўналишда мослаштириш орқали шу нарса ташкил қилинди. Бу фақатгина иқтисодий талабдан келиб чиқиб амалга оширилди», — деб таъкидлади Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Вазир бу саволга ноябрь ойи охирида ҳам жавоб берганди. «Сиёсий омилларга боғлаш нотўғри деб ўйлайман, бу — тижорий муносабатлар», — деганди вазир ўшанда.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Россия газини Ўзбекистонга экспорт қилиш ва уни Қозоғистон ҳудуди орқали ташиш бўйича шартнома имзоланганди.

7 октябрь куни эса Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Россия президенти Владимир Путин билан биргаликда Москвада Россия табиий газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиб беришни бошлаб берган. Унга кўра, яқин икки йил ичида Россия ўзбекистонлик истеъмолчиларга йилига 2,8 млрд кубометр (кунига 9 млн кубометр) газ етказиб беради.

«Газпром» билан тузилган шартномага кўра, 7 октябрдан ноябрь ойи бошигача Ўзбекистон Россиядан 300 млн куб метрга яқин газ импорт қилган. Кўриниб турганидек, етказиб бериш тез суръатларда кечган — тасдиқланган етказиб бериш ҳажми бўйича (кунига 9 миллион кубометр) 300 миллион кубометр газни етказиш учун 33 кун (ёки 10 ноябрь) талаб этиларди.

Ноябрь бошида Ўзбекистон ва Россиянинг «Газпром» компанияси ўртасида стратегик меморандум имзоланган. Унга кўра, газ таъминоти ва ташиш, шунингдек, углеводородларни геология-қидириш ҳамда қазиб олиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилган.