Ўзбекистон ҳукумати ва Россиянинг «Газпром» компанияси ўртасида энергетика комплекси соҳасида ҳамкорлик бўйича стратегик меморандум имзоланди, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатга кўра, томонлар газ таъминоти ва ташиш соҳасида, шунингдек, углеводородларни геология-қидирув ва қазиб олиш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантирмоқчи.

Меморандум Санкт-Петербург халқаро газ форуми доирасида имзоланган. Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва «Газпром» бошқаруви раиси Алексей Миллер октябрь ойида бошланган Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиб бериш масаласини ҳам муҳокама қилган.

Ўзбекистон истеъмолчиларини энергия билан барқарор таъминлашда «Марказий Осиё — Марказ» газ қувурлари тизими асосидаги махсус ажратилган йўналиш алоҳида ўрин тутиши, бу, айниқса, куз-қиш мавсумида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.