Ўзбекистонда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштиришнинг сўнгги босқичи 2023 йилнинг 31 декабрь куни якунланади. Бу ҳақда ЙҲХХ эслатиб ўтди.

2024 йилнинг 1 январидан бошлаб эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Гувоҳномани янгилашга улгурмаган ҳайдовчилар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, яъни, 340 минг сўм жаримага тортилади.

Гувоҳномани алмаштириш учун бутун мамлакат бўйлаб йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимларига (манзил ва телефон рақамлари) ва Адлия вазирлигининг давлат хизматлари марказларига (фақат ҳайдовчилик гувоҳномалари) мурожаат қилиш мумкин. Фуқаролар у ерга эски ҳайдовчилик гувоҳномаси, автомобиль «техпаспорти» ва паспорт билан бориши керак.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун аризани онлайн тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (my.gov.uz) топширилиши мумкин. Жараён тўлиқ автоматлаштирилган — тайёр лицензияларни танланган давлат хизматлари марказидан ёки почта орқали икки иш куни ичида (қўшимча 25 минг сўм тўлов эвазига) олиш мумкин.

Ўзбекистонда 2017 йил октябрь ойида янги ҳайдовчилик гувоҳномалари ва «техпаспорт» жорий қилинган эди. Дастлаб, 2020 йилнинг 31 декабрига қадар гувоҳнома ва «техпаспорт» алмашишни якунлаш режалаштирилган эди. 2020 йил баҳорида муддат бир йилга, кейин 2021 йил ноябрь ойида — 2022 йил охиригача, 2022 йил апрелда яна — 2023 йил охиригача узайтирилди.

2023 йил бошида 2 млндан ортиқ «права», 557 мингдан ортиқ «техпаспорт»лар янгисига алмаштирилмаганини қайд этилганди.

ЙҲХХ маълум қилишича, 16 декабрь ҳолатига кўра, 13 631 нафар ҳайдовчилик гувоҳномаси янгисига алмаштирилмаган.