Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва «техпаспорт»ни янгисига алмаштириш муддати 2023 йилда тугайди. Ички ишлар вазирлиги ҳужжатларни алмаштириш бўйича ҳукумат қарорига киритилган ўзгартиришларни эслатиб ўтди.

Ўзгартиришларга кўра, унинг муддати гувоҳнома ва «техпаспорт»лар берилган йилга боғлиқ:

  • 2010 йилгача бўлган даврда берилганлари — 2023 йил 31 мартга қадар;
  • 2010−2012 йилларда берилганлари — 2023 йил 30 июнга қадар;
  • 2013−2015 йилларда берилганлари — 2023 йил 30 сентябрга қадар;
  • 2015 йилдан кейин берилганлари — 2023 йил 31 декабрга қадар муддатларда мажбурий тартибда амалга оширилади.

Юқоридаги муддатларгача алмаштирилмаган гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Вазирлик хабарига кўра, ҳозирги кунда эски намунадаги 2 млндан ортиқ ҳайдовчилик гувоҳномаси ва 557 мингдан ортиқ «техпаспорт»лар янгисига алмаштирилмаган.

Бундан ташқари, энди ўзбекистонликлар Россияда ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириши мумкин. Йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномасини қайта тиклаш учун назарий ва амалий имтиҳондан ўтиш талаб этилмайди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ноябрида ҳам ҳукумат қарори билан эски ҳайдовчилик гувоҳномалари ва рўйхатга олиш гувоҳномаларини янгисига алмаштириш муддати узайтирилганди.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Аввалроқ, «Газета.uz» эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш бўйича қўлланма ҳам тайёрлаган эди.