Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрида қурилиши таҳмин қилинган Туризм маркази комплекси сурати эълон қилинди. Бухоро шаҳри ҳокимлиги бунга муносабат билдириб, тарқалган хабарни «ҳеч қандай қонуний асосга эга» эмаслигини ёзди.

«Бухоро шаҳрида ҳам барпо этилаётган ҳар бир йирик лойиҳа дастлаб синовдан ўтган маҳаллий ва хорижий тажрибалар асосида чуқур ўрганилиб, ваколатли ташкилотларнинг етук олимлари ва мутахассислари томонидан лойиҳа кўринишида ишлаб чиқилган ҳолда халқ депутатлари ва аҳоли муҳокамасига қўйилиб тегишли қонуний ҳужжат қабул қилинади ҳамда шундан кейин бунёдкорлик ишларига киришилади», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Шунингдек, ҳокимлик «юксак туризм салоҳиятини Ўзбекистон аҳолиси ва халқаро ҳамжамиятга янада кенг таништириш, йирик Халқаро форум, конференция ва симпозиумлар ўтказиш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш ва соҳага инвестицияларни фаол жалб қилиш мақсадида» туристик инфратузилма комплексини бунёд этиш лойиҳаси режалаштирилганини маълум қилди.

«Ушбу лойиҳа малакали эксперт ва мутахассислар ўрганишлари, хулосалари ҳамда халқаро даражада ЮНЕСКО ташкилоти муносабатлари бўйича ҳар томонлама мукаммал ишлаб чиқилиб, депутатлар ва халқ муҳокамасидан ўтгандан кейин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган ҳолда ваколатли ташкилотлар томонидан расмий равишда эълон қилинади», — дейилади хабарда.

Воқеа хронологияси

бухоро сайёҳлик маркази, бухоро

Бухородаги сайёҳлик маркази лойиҳасининг эҳтимолий чегараси. Фото: Диёр Имомхўжаев / Telegram

2023 йил январь ойида Бухоро марказида сайёҳлик марказини қуриш учун ўнлаб бинолар бузилиши мумкинлиги хабар қилинди. Буюртмачи сифатида Самарқандда худди шундай марказни қурган Enter Engineering компанияси танланган. 32,6 гектар майдонни эгаллаган мажмуани қуриш учун ҳокимликлар, прокуратура, спорт аренаси ва бошқа бинолар бузилиши мумкин. Аҳоли бунга қарши чиқиб, президентга мурожаат қилган.

Alerte Heritage маданий мерос обсерваторияси Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти ҳокимликлари бинолари тақдири юзасидан хавотир билдирди (обсерватория вакилларининг таъкидлашича, ушбу бинолар «ялтироқ-алюкобонд қопламали ёки ўзига ўзи сохта тарихий пародия бўлиб қолиш хавфи остида» қолган).

Kun.uz'нинг ёзишича, туристик марказ қурилиши учун танланган дастлабки ер майдони Бухоронинг тарихий марказининг буфер ҳудудида жойлашган, шу боис ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ушбу лойиҳани қўллаб-қувватламаган. Маданий мерос агентлигининг ҳукуматга эслатишича, ушбу соҳадаги ҳар қандай лойиҳа агентлик ва ЮНЕСКО билан келишилиши керак.

Шундан сўнг Бухоро вилояти ҳокимлиги кўҳна шаҳар марказида қурилиши режалаштирилган «Туризм маркази» учун «бошқа мақбул ер майдонлари танланиши»ни маълум қилди. Маълумотларга кўра, марказ қурилишини тўхтатиш ҳақида президент Шавкат Мирзиёев топшириқ берган.

Октябрь ойида бу масала яна кўтарилди. Kun.uz`нинг ёзишича, масала яна кўтарилган, шаҳар ҳокимлиги бошқа ҳудудга кўчирилган, шаҳар маркази «снос»га тайёрланаётган бўлиши мумкин. Ҳокимлик вакили буни рад этди.

«Ҳокимлик вакилининг айтишича, бино капитал таъмирланаётгани сабабли ҳокимият вақтинча бошқа жойга кўчган. У марказ бузилаётгани учун ҳокимият кўчирилганини рад этди. Маҳаллий журналистлардан бири эса кўчиш сабаби „снос“ билан боғлиқлигини айтмоқда», — дея ёзганди Kun.uz.

Маҳаллий журналист таҳририятга бузиш бошланмагани, тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилган. «Бу аниқ эди. Туризм шаҳарчаси барибир шу ердан қурилади. Аммо ҳозирча жимжитлик. Бузиш бошланмаган, тайёргарлик кўриляпти», — дейди бухоролик журналист.

Ҳудуддаги Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактаби ҳам тез кунда кўчирилиши мумкин. Бу ҳақда мактаб ходимлари маълум қилди. Лекин мактаб айнан қачон ва қаерга кўчирилиши ҳозирча аниқ эмас.

Нашр ёзишича, Бухоро марказини бузиш учун дастлаб 80 млрд сўм маблағ ажратилиши керак бўлган. Лекин бу масала биринчи марта кўтарилганда мулк эгалари компенсация миқдорини арзимас деб баҳолаб, «снос»га қарши бўлган.

Интернет фойдаланувчиларининг эслатишича, икки ҳокимлик биноси орасига, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 50 минг доллар миқдоридаги гранти ҳисобидан ЕТТБ ходими, асли ўзбекистонлик Камола Маҳмудованинг шахсий ташаббуси билан дарахтлар экилган.

Ўзбекистоннинг 2023 йилги Давлат бюджетида қабул қилинган дастурлар, президент ва ҳукумат топшириқлари асосида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни (шу жумладан, кўчмас мулкни бузиш учун) қоплаш учун 516,6 млрд сўм (2022 йилда — 500 млрд сўм) белгиланган.

Молиячи Отабек Бакиров Бухоро вилоятининг 2023 йилги бюджетида бузилган объектларнинг ўрнини қоплаш учун маблағ киритилмаганига эътибор қаратди, шу боис бу маблағларни давлат бюджети ҳисобидан тўлаш мумкинлигини таҳмин қилди.

Enter Engineering ҳақида

Компания 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, турли даражадаги мураккабликдаги нефт-газ, саноат ва фуқаролик объектларини лойиҳалаш, етказиб бериш, қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича хизматлар кўрсатади.

Enter Engineering компанияси Самарқанд минерал ўғитлар ишлаб чиқариш кимё мажмуаси, Humo Arena муз мажмуаси, UzGTL синтетик ёқилғи заводи, тўлиқ технологик ишлаб чиқаришга эга 3-сонли мисни қайта ишлаш заводи мажмуаси, Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали каби лойиҳаларни қурган ёки амалга оширишда иштирок этган.

Enter Engineering компаниясининг асосий акциядори Бахтиёр Фазилов ҳисобланади. Шунингдек, у Samarkand Touristic Centre, яъни Самарқанддаги туристик марказнинг 60 фоиз улушига (қолган 40 фоизи NBU Samarkand Invest`га тегишли) ва бошқа бир қатор корхоналарга эгалик қилади.