2023 йилнинг январь ойида Бухоро вилояти марказида сайёҳлик маркази қурилиши учун 32,6 гектар ер майдони ажратилиши кўзда тутилганди. «Газета.uz»да бу акс этган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов томонидан имзолаган 26 декабрдаги ҳукумат мажлиси баённомаси нусхаси мавжуд.

Ҳужжатда 29 та давлат объекти, жумладан, Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳар ҳокимликлари, вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюроси, 2-мактаб, Бухоро давлат тиббиёт коллежи, маданият коллежи, «Бухоро Арена» стадиони, ФҲДЁ ва бошқа биноларни бошқа жойга кўчириш кўзда тутилганди.

Ер лойиҳани «жалб қилинган маблағлар» ҳисобидан амалга оширишни режалаштираётган Enter Engineering компаниясига ажратилади.

Марказ қурилишига қарши бўлган вилоят аҳолиси президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаганди. Норозиликлар ортидан қурилишни бошлашга «бошқа мақбул ер майдонлари танланиши» айтилди, туристик марказ лойиҳаси тўхтатилди.

Kun.uz нашрининг ёзишича, бу масала яна кун тартибига қайтган. Бир неча кун илгари Бухоро шаҳар ҳокимлиги Чўлпон кўчасидаги байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт мажмуасига кўчирилган.

Келтирилишича, таҳририят мухбири ҳокимлик биносида бўлиб, бино бўшатилгани, фақат йиғилишлар учун мажлислар зали ишлаб турганига гувоҳ бўлган. Аммо бу ҳақда ҳокимликнинг расмий саҳифаларида маълумот берилмаган.

«Ҳокимлик вакилининг айтишича, бино капитал таъмирланаётгани сабабли ҳокимият вақтинча бошқа жойга кўчган. У марказ бузилаётгани учун ҳокимият кўчирилганини рад этди. Маҳаллий журналистлардан бири эса кўчиш сабаби „снос“ билан боғлиқлигини айтмоқда», — дея ёзмоқда Kun.uz.

Маҳаллий журналист таҳририятга бузиш бошланмагани, тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилган. «Бу аниқ эди. Туризм шаҳарчаси барибир шу ердан қурилади. Аммо ҳозирча жимжитлик. Бузиш бошланмаган, тайёргарлик кўриляпти», — дейди бухоролик журналист.

Ҳудуддаги Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактаби ҳам тез кунда кўчирилиши мумкин. Бу ҳақда мактаб ходимлари маълум қилди. Лекин мактаб айнан қачон ва қаерга кўчирилиши ҳозирча аниқ эмас.

Kun.uz ёзишича, Бухоро марказини бузиш учун дастлаб 80 млрд сўм маблағ ажратилиши керак бўлган. Лекин бу масала биринчи марта кўтарилганда мулк эгалари компенсация миқдорини арзимас деб баҳолаб, «снос»га қарши бўлган.

бухоро, снос, туристик марказ

Бухоро марказий стадиони / Фото: «Бухоро» ФК.

«Бу сафар шовқин чиқармаслик учун бошқача йўл қилиняпти: ҳаммани бир жойга йиғиб, биноларни бўшатишга мажбурлашмаяпти, балки ҳар бир мулкдорга каттароқ компенсация таклиф қилиняпти. Дейлик, А бинони мулкдор 10 млрд сўмга сота олади, шу 10 млрд сўмдан кўпроқ пул таклиф қилиняпти. Ўтган йил нархни паст баҳолашгани учун ҳамма норози бўлган ва шовқин чиқиб кетган. Норозиликларнинг сабабини тушуниб етишди ва энди бу сафар ҳаммани бир жойга йиғиб, мажлис қилишдек хатони такрорлашмаяпти», — дейилади хабарда.

Манбанинг таъкидлашича, янги режада стадионни сақлаб қолиш кўзда тутилган, шу билан норозиликларни пасайтиришга ҳаракат кетяпти.

«Бу масала биринчи марта кўтарилганда стадион бузилишига қарши чиққанларнинг овози баландроқ эшитилди, эътирозлар кутубхона, мактаб, давлат идораларини бузиш атрофида бўлмаган. Давлат раҳбарининг олдига ҳам одамлар стадион бузилишидан норозилиги ҳақидаги аргументни олиб киришган. Шу сабабли бу сафар шовқин чиқмаслиги учун стадионни ўрнида қолдиришяпти, мулк эгаларининг ҳам оғзи ёпиляпти. Лекин ҳақли савол туғилади: ўзи қийналиб ётган давлат бюджети бунча катта суммадаги „снос“ учун қаердан пул топиб беради? Мен бузиш яна солиқ тўловчиларнинг зиммасига, давлат бюджетига тушишини эслатмоқчиман», — дейди манба.

Шу билан бирга, бу ердаги иккита банкдан бири ўзига янги бинони тайёрлаб бўлгани, инвестор банклар билан компенсация масаласини келишгани айтилмоқда. Туристик шаҳарчага оид янги режалар ҳозирча очиқланмади.

Маълумот учун, туристик марказ қурилиши учун танланган дастлабки ер майдони Бухоронинг тарихий марказининг буфер ҳудудида жойлашган, шу боис ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ушбу лойиҳани қўллаб-қувватламаганди. Маданий мерос агентлигининг ҳукуматга эслатишича, ушбу соҳадаги ҳар қандай лойиҳа агентлик ва ЮНЕСКО билан келишилиши керак.

Қолаверса, Alerte Heritage маданий мерос обсерваторияси Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти ҳокимликлари бинолари тақдири юзасидан хавотир билдирди. Обсерватория вакилларининг таъкидлашича, ушбу бинолар «ялтироқ-алюкобонд қопламали ёки ўзига ўзи сохта тарихий пародия бўлиб қолиш хавфи остида» қолган.

Объектлар кимнинг ҳисобига бузилиши айтилганди?

бухоро, снос, туристик марказ

Интернет фойдаланувчиларининг эслатишича, икки ҳокимлик биноси орасига, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 50 минг доллар миқдоридаги гранти ҳисобидан ЕТТБ ходими, асли ўзбекистонлик Камола Маҳмудованинг шахсий ташаббуси билан дарахтлар экилган.

Ўзбекистоннинг 2023 йилги Давлат бюджетида қабул қилинган дастурлар, президент ва ҳукумат топшириқлари асосида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни (шу жумладан, кўчмас мулкни бузиш учун) қоплаш учун 516,6 млрд сўм (2022 йилда — 500 млрд сўм) белгиланган.

Молиячи Отабек Бакиров Бухоро вилоятининг 2023 йилги бюджетида бузилган объектларнинг ўрнини қоплаш учун маблағ киритилмаганига эътибор қаратди, шу боис бу маблағларни давлат бюджети ҳисобидан тўлаш мумкинлигини таҳмин қилди.

Enter Engineering ҳақида

Компания 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, турли даражадаги мураккабликдаги нефт-газ, саноат ва фуқаролик объектларини лойиҳалаш, етказиб бериш, қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича хизматлар кўрсатади.

Enter Engineering компанияси Самарқанд минерал ўғитлар ишлаб чиқариш кимё мажмуаси, Humo Arena муз мажмуаси, UzGTL синтетик ёқилғи заводи, тўлиқ технологик ишлаб чиқаришга эга 3-сонли мисни қайта ишлаш заводи мажмуаси, Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали каби лойиҳаларни қурган ёки амалга оширишда иштирок этган.

Enter Engineering компаниясининг асосий акциядори Бахтиёр Фазилов ҳисобланади. Шунингдек, у Samarkand Touristic Centre, яъни Самарқанддаги туристик марказнинг 60 фоиз улушига (қолган 40 фоизи NBU Samarkand Invest`га тегишли) ва бошқа бир қатор корхоналарга эгалик қилади.