Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни Сурхондарё вилоятида амалга оширилаётган йирик саноат лойиҳаларига бағишланган йиғилишда нутқ сўзлади.

Халқимиз яхши ҳаёт кечирсин, оғири енгил бўлсин, деб Сурхондарёга шу йилнинг ўзида учинчи маротаба жуда катта ниятлар ва аниқ режалар билан келдим, — дея давлат раҳбаридан иқтибос келтирди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Пайшанба куни президент Сурхондарёда умумий қиймати 3,3 миллиард доллар бўлган тўртта янги йирик саноат лойиҳаси билан танишди. Хусусан, 2024 йилда Бойсун шаҳрида умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларга тенг газ-кимё мажмуаси ишга туширилиши муносабати билан қуйидагилар кутилмоқда:

  • йилига 5 миллиард куб метр газни тозалаш, 6 триллион сўмлик табиий газ ва олтингугурт ишлаб чиқариш;
  • Сурхондарёга йилига ўртача 120 миллион долларга қўшимча экспорт тушуми;
  • геология-қидирув ишларини кенгайтириш, яна 100 миллиард куб метр газ захираларини очиш, 2−3 йил ичида мамлакатнинг тўлиқ нефть мустақиллигига эришиш.

Ҳозир ушбу «Мустақилликка 25 йил» мажмуаси (М-25) 7000 кишини иш билан таъминламоқда. Президент топшириғига кўра мажмуа атрофида кооперация йўлга қўйилиб, қўшни туманлар аҳолиси учун камида 2 мингта юқори рентабелликдаги иш ўрни яратилади.

Бу ерда 85 МВт қувватга эга электр станцияси ҳам қурилган. У нафақат мажмуа эҳтиёжлари, балки бутун Бойсун аҳолиси учун электр энергияси ишлаб чиқаради, дейилади хабарда.

Saneg компанияси Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги сланец конини ўзлаштиришни бошлади. Сланец рудасини ўзлаштириш лойиҳаси Шавкат Мирзиёевга 16 ноябрь куни кон-кимё мажмуасига ташрифи чоғида тақдим этилган эди. Геологик қидирув натижаларига кўра, коннинг захиралари C1 тоифасидаги сланец рудаси 55 миллион тоннани ташкил этади, дея таъкидлайди компания.

Saneg компанияси бош директорининг стратегик лойиҳаларни ривожлантириш бўйича ўринбосари Азизбек Назаровнинг маълум қилишича, коннинг геологик тузилиши, сланец чуқурлиги ва тарқалиш майдонини ўрганиш давом этмоқда. Унинг сўзларига кўра, келажакда кон захиралари 400 миллион тоннагача етиши мумкин.

Бунга эришиш учун яқин бир неча йил ичида умумий қиймати 10 миллион доллардан ортиқ бўлган топографик тадқиқотлар, элетр қидирув, разведка қудуқларини бурғилаш режалаштирилган.

Компания синтетик нефть, газ ва электр энергияси ишлаб чиқариш учун сланец рудаларини қайта ишлашни йўлга қўймоқчи. 2024 йил охиригача қайновчи циркуляция қатлами технологиясидан (СҚТ-1500) фойдаланган ҳолда тўртта қурилмани ишга тушириш режалаштирилган. Уларнинг ҳар бири йилига 1,5 миллион тоннагача сланец рудасини қайта ишлаш орқали 800 минг тонна нефть, 300 миллион куб метр газ ва 150 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.

Келгуси беш йил ичида Санег СҚТ-1500 қурилмалари сонини 25 тага етказишни режалаштирмоқда. Улар йилига 37,5 миллион тоннагача хомашёни қайта ишлаш имкониятига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Қозоғистон ҳудуди орқали Россиядан Ўзбекистонга нефть етказиб бериш ҳажмини 1 миллион тоннагача ошириш режалаштирилган. Бу 2023 йилда импорт қилиниши режалаштирилган нефть ҳажмидан (300 минг тонна) уч баравар кўп.

2023 йил бошида Ўзбекистонга бензин импорти ҳажми бир неча баробар ошди. Биринчи тўрт ойда 335,2 миллион литр етказиб берилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2 баробар кўп. Импортнинг умумий қиймати 136,67 миллион долларни ёки литри учун 0,4 долларни ташкил этди. Ҳажмларнинг деярли барчаси Россияга ҳисобига тўғри келган.