Ўзбекистон «Газпромнефть» билан 2023 йилда 300 минг тонна нефть импорт қилиш бўйича келишувга эришди, деб хабар берди мамлакат энергетика вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Адҳамжон Убайдуллаев.

Бу ҳақда у 25 апрель куни Россия, Ўзбекистон ва бошқа МДҲ давлатларининг 300 дан ортиқ компанияси иштирок этаётган «Иннопром. Марказий Осиё» 3 кунлик кўргазмаси давомида маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон 2023 йилда 300 минг тонна Қозоғистон нефть маҳсулотларини етказиб бериш ва 300 минг тонна Россия нефтини Қозоғистон орқали транзит қилиш бўйича келишиб олганди. Томонлар, шунингдек, Ўзбекистонни энергия билан таъминлаш учун газ омборларини модернизация қилиш ва қуриш, Қозоғистонда кўмир иссиқлик электр станциясини қуриш бўйича ҳам келишувга эришган.

Аввалроқ Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Россия ҳукумати раҳбари ўринбосари Александр Новак Ўзбекистонга нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб беришни кўпайтириш имкониятлари, шунингдек, «Росатом»нинг янги атом энергетикаси иншоотларини қуришда иштироки истиқболларини муҳокама қилгани ҳақида ёзгандик.