Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 апрель куни Татаристон раиси Рустам Миннихановни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва маданий-гуманитар алмашинувларни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

татаристон, рустам минниханов, жиззах вилояти

Фото: Президент матбуот хизмати

Кейинги йилларда самарали ҳамкорликда юқори натижаларга эришилгани қайд этилди. Ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми ортмоқда. Тошкент вилоятида «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки муваффақиятли фаолият юритмоқда, Россия делегациясининг мазкур ташрифи давомида янги лойиҳага — Жиззах вилоятида технопарк барпо этишга старт берилди.

татаристон, рустам минниханов, жиззах вилояти

Фото: t.me/nashtatarstan_official.

Ўтган йили Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида биринчи қўшма кимё-саноат технопарки фойдаланишга топширилган. Бугунги кунда унда 20 та сармоявий лойиҳа амалга оширилиб, маҳсулот Қозоғистон ва Тожикистонга экспорт қилинмоқда.

Татаристон раҳбари матбуот хизматининг қайд этишича, лойиҳа Татаристон раҳбарининг 2022 йил октябрь ойида Жиззах вилоятига ташрифи якунлари бўйича амалга оширилган.

Технопаркнинг бош режаси Қозон технополиси бўлмиш «Химград» мутахассислари томонидан тайёрланган. Технопарк Ўзбекистонда хорижий компанияларнинг ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштиришга мўлжалланган. Март ойида у ерга потенциал резидентлар ташриф буюрган.

Рустам Минниханов Жиззахда Қозон федерал университети филиалида яқинда иш бошлаган Тиббиёт таълими марказига ташриф буюрди. Симуляция марказида талабалар бўлажак мутахассислиги бўйича амалий кўникмаларни ўрганади.

татаристон, рустам минниханов, жиззах вилояти

Фото: t.me/nashtatarstan_official.

ҚФУ филиали 2022 йил октябрь ойида очилган. Бу ерда геология, дастурий инжиниринг, иқтисод, журналистика, ахборот тизимлари ва технологиялари, тилшунослик, тиббий биокимё, тиббиёт, фармация ва стоматология йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади. Филиалда биринчи курсда жами 259 нафар, шундан 145 нафари тиббиёт йўналишида таҳсил олади.

татаристон, рустам минниханов, жиззах вилояти

Фото: t.me/nashtatarstan_official.

Рустам Минниханов Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан ҳам учрашди. Томонлар анъанавий ва янги йўналишлар, жумладан, энергетика, автомобилсозлик, вертолёт, газ-мотор ёнилғиси, қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Татаристон делегациясининг Ўзбекистонга ташрифидан асосий мақсад — Тошкент шаҳрида ўтаётган «Иннопром. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасида иштирок этиш.